Чак-чак
- Муаллиф: Мирзахаджаева Севара Адилхаджаевна
- Тайёрлаш вақти: 240 дақ.
- Тоифа: Чак-чак
- Таомнинг калориялилиги: 96644.9 ккал
- 2015-10-02 12:24:39
- 1
- 0
- 52925
Масаллиқлар
- кунгабоқар ёғи - 1,5 литр
- ун - 600 гр
- шакар - 400 гр
- тухум - 10 дона
- асал - 400 мл
- сув - 1 стакан
- туз - 1 бир чимдим
- қавартма - 10 гр
Тайёрлаш усули
Чак-чак ўзбек шарқ миллий ошхонасининг энг севимли ширинликларидан бири, десак муболаға бўлмайди. Ҳар бир уй бекасининг чак-чак пишириш маҳорати бўйича ўз сирлари мавжуд. Қуйида учбурчак шаклдаги чак-чак рецепти билан улашмоқчиман. Бу чак-чак кесилмай, қўлда олиб ёйилиши сабабли “доналик” деб ҳам юритилади.
Аввал хамир тайёрлаб олинади. Бунинг учун тухум оқи блендерда бир чимдим туз солиб кўпиртирилади. Кетидан тухум сариғи солинади ва паст тезликда кўпиртиришда давом эттирилади. Ҳосил бўлган аралашмага ун, спирт ва қаваратма солиниб, жуда майил, ямшоқ хамир қорилади. Хамир зуваласи целлофанга ўралиб, 2 соат давомида тиндирилади. Ҳар 25-30 дақиқада хамир целлофанда олиниб, қўлда мужиб турилади. Шуни эсда тутингки, чак-чак хамири қаттиқ ҳаракатларни ёқтирмайди, шундай экан, мужганда оҳисталик талаб этилади.
Кейинги босқич хамир ёйиш. Тинган хамир унланган стол устида жуда оҳиста ҳаракатлар билан ўқловда ёйилади. Ушбу хамир тухумга қорилганлиги боис жуда ёпишқоқ ва уг талаб қилади, шундай бўлсада, унни имкон қадар камроқ сепишга ҳаракат қилинг, йўқса хамирингиз қаттиқ бўлиб қолади. Ингичка ёйилган хамир нақшли кесгичда майда учбурчак шаклларда кесиб чиқилади. Шакллар кичикроқ бўлиши керак, зеро хамирга қавартма солинган ва қовуриш давомида ишиб кетади.
Чак-чак пиширилиши. Қозонга ёғ солиниб, қиздирилади. Ёғ қизигач, олов ҳарорати пастланади, йўқса хамир бўлакчалари тушган ёғда куйиб кетиши мумкин. Тайёр кесиб чиқилган шаклчалар қиздирилган ёғга солиниши билан човли ёки қошиқда ёғ жуда тез ва айланма ҳаракатда аралаштирилади. Сўнгра човлида ёғи силкитилиб, каттароқ тоғорага сузиб олинади. Шуни инобатга олингки, хамир қизариб кетмаслиги лозим, сабаби, хамир ёғдан сузиб олинса ҳам тоғорада ва асал билан ёпиштирилганда янада қизғиш тусга киради. Шунингдек, хамир шаклини йўқотмаслиги учун уни камроқ миқдорда солиб қовуринг.
Безатилиши. Пишган чак-чак совутилиши лозим. Унга қадар қиём тайёрланади. Бунинг учун товага сув солинади, қизигач, кетидан 2 стакан шакар солиб этирилади. Сув кўпириб кетгач, кетидан асал солиб, бетиним аралаштириб турилади. Аралашманинг қуюқлашиб қолгани тайёрлигидан далолатдир. Энди чак-чакни ёпиштирамиз. Бунинг учун лаганга озгина қиём қуйилади, устига қовурилган чак-чак сепилади. Чак-чак устидан қиём қуйилади ва устидан яна чак-чак сепилади. шу йўсинда камайтирилганча пирамида ҳосил қилинади. Қиёмни жуда кўп қуйиб юбормаслик зарур. Чак-чак лаганга тўлидириб, шакли ҳосил бўлгач, усти ялтираб туриши учун озгина қиём номига қуйиб чиқилади ва истакка кўра зар ёки шунга ўхшаш безаклар сепиб чиқилади.
Одатда чак-чак бир кун олдин тайёрлаб қўйилади. Шунда қиём чак-чакка сингиб, мазаси етилади.