Чойхона палов
- Муаллиф: Malika
- Тайёрлаш вақти: 80 дақ.
- Тоифа: Қуюқ овқатлар
- Таомнинг калориялилиги: 6053.2 ккал
- 2015-09-15 17:16:04
- 1
- 0
- 41762
Масаллиқлар
- қўй гўшти - 1 кг
- сабзи - 1 кг
- пиёз - 300 гр
- гуруч - 1 кг
- сув - 1 литр
- туз - 1 ош қошиқ
- қўй ёғи - 400 гр
Тайёрлаш усули
Қозонга 2х2 см кубик шаклида тўғраб олинган думба ташлаб, жизза тилла
ранг тусга кириб, ёғи чиққунга ва жизза тилла тусга киргунга қадар
эритилади ва жиззасини сузиб олинади. (Агарда жиззасини емайдиган
бўлсангиз ва ёғи кўпроқ чиқсин десангиз жиззани бироз кўпроқ қозонда
ушлаб туриш керак бўлади) Жиззани асло ташлаб юборманг, чунки бу ҳам
ўзгача бир таъм ва лаззатга эга. Иссиқина жиззани устига туз ва мурч
сепиб, озига тўғралган пиёз билан қўшиб танаввул этилади. Қизиб турган
ёғга аввал ярим халқа шаклида тўғралган пиёзни ташлаб, пиёз жигарранг
тусга киргунча қовурилади, бу жараён кейинчалик чойхона паловимиз
рангини чиройлик чиқишини таъминлайди. Жигарранг тусга кирган пиёз
устига 2х2 см кубик шаклида тўрғаб олинган гўшт солиб, гўштни суви чиқиб
тугагунча қовурилади, бу орада туз солиб юборса ҳам бўлади Сўнгра сомон шаклида тўғралган сабзи ташлаб 10-15 дақиқа қовурилади, бу жараённи маҳаллий тил билан "зирвак" дейилади. Кейин сув қуйиб, 5-10 дақиқа қайнатилади.
Сув қайнаб чиққач, тузини кўриб, кам-кўсти бўлса тўғриланади, сўнгра
илиқ сувда ивитилган гуручни қозонга аввал четидан бошлаб, кейин
ўртасига солинади. Паловни тайёрлаш жараёни нақадар муҳим бўлса, дамлаш
жараёни ундан-да ҳушёрликни талаб қилади, бўлмаса натижа кутилганидек
чиқмаслиги мумкин.
Қозонда ичидаги гуруч имкон қадар бир хилда
қайнаши керак бўлади, остидаги олов бўлса жуда баланд ҳам, паст ҳам
бўлмаслиги лозим.
Чунки паст оловда палов гуручлари бўшашиб ланж
бўлиб қолиши мумкин, баланд оловда эса ҳали гуручлар буғланмасдан,
пишмасдан олдин суви тугаб, тагига олиши мумкин.
Қозондаги гуруч
1-2 дақиқа қайнаб, буғлангач, гуручларни оҳисталик ила аралаштирасиз,
аниқроғи гуручни устки қисмини остига, паст қисмидагини устидан чиқазиш
лозим бўлади, шу ҳолни то суви қайнаб тугунга қадар яна бир ёки икки
марта такрорлайсиз. Суви қайнаб тугаган ва 2-3 марта айлантирилган
гуручни ўртага тўплаб, устига зирани эзиб солиб юборасиз, таъбга кўра
майиз ҳам қўшиб, 15-20 дақиқага димлаб қўясиз. Тайёр бўлган чойхона паловни яхшилаб аралаштириб, лаганга солиб, таъбга кўра безатиб дастурхонга тортиқ қилинади.
Асл чойхона палов ортиқча қўшимчаларсиз бўлиши кераклигини уқтиришади
устозларимиз. Лекин шунга қарамай баъзи паловхўрлар қўшимчалар қўшишади.
Мисол учун, қази, думба, бедана тухуми, саримсоқ ва ҳ.к. Бу каби
қўшимчалар ҳар бир кишининг ўз истаги ва таъбига кўра; истаган қўшиши
ёки қўшмаслиги мумкин.