Кузги ва қишки хасталиклар
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2015-10-27 16:59:33
- 0
- 0
- 9334
Бугун биз муштарийларнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда куз ва қиш ойларида тез-тез учраб турадиган айрим касалликларга тўхталиб ўтмоқчимиз.
Лаблар нега ёрилади?
- Қиш ойларида организмда турли витаминлар танқислиги кузатилади. Лаблардаги ёриқлар организмда А ва Е витамини етишмаслигини билдиради. Ёриқларнинг яраланиши эса инфекция тушганлигини билдиради. Яраларнинг битиш жараёнини кучайтириш учун А витаминининг мойли эритмасини лабларга суртинг. Муолажа давомийлиги — 2 ҳафта. Сўнгра, фарзандингизга таркибида витамин А мавжуд витамин комплексларидан бирини шифокор маслаҳати билан ичиринг. Агар ёриқлар йиринглаган бўлса, қуритувчи малҳамлардан суртинг (масалан: левомеколь)..
Совуқ ҳавода кўзлари ёшланади…
- Кўзлар таъсирланганда, уларни ювиш лозим. Бунинг учун шифобахш гиёҳлар дамламаси сизга қўл келади. Мойчечак дамламаси билан кўз ювилади ёки ушбу дамламага намланган дока кўзга босиб турилади. Янги дамланган қора чой ҳам бу борада ёрдам беради. Шунингдек, петрушка дамламаси билан кўзларни ювиш ҳам фойдалидир.
Йўтални уй шароитида даволаса бўладими?
- Айрим шифобахш гиёҳларни ингаляция, дамлама, қайнатма, чой тариқасида қабул қилиш жуда фойдалидир. Қиш ойларида касаллик ўтиб кетса-да, изтиробли йўтал узоқ вақт сақланиб қолади. Ялпиз баргларидан тайёрланган дамлама яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади. Бу дамлама бронхит, ангина, тумов, фарингит касалликларида жуда фойдалидир. Ялпизнинг қуритилган барглари кукун ҳолига келтирилиб, ундан бир ош қошиқ олинади ва устига 250 мл қайноқ сув солинади. Тимьян ўсимлигидан дамланган чой томоқни юмшатади. Балғам кўчишини осонлаштиради. Шунингдек, касалликни чақирган микробларга ҳалокатли таъсир қилади. Тимьяннинг қуритилган баргларидан бир чой қошиқ олинади ва 250 мл қайноқ сув солинади. 15 дақиқа давомида дамланади ва устига бир чой қошиқ асал қўшилади. Кунига 5 чашкадан қабул қилинади.
Иситувчи компресслар ўзида иссиқликни ушлаб турганлиги боис, қон томирларни кенгайтириш хусусиятига эга. Кўкрак соҳасига қўйилган компресс йўталдан фориғ қилади.
Юқори нафас йўллари касалликларида буғли ингаляциялар энг самарали усул ҳисобланади. Шу мақсадда сувга турли шифобахш гиёҳлар қўшилади. Масалан: саримсоқпиёз ва пиёз шарбати 1:10 нисбатда олинади ва ингаляция қилинади. Тошчўп (чабрец), туятовон (мать-и-мачеха), маврак (шалфей) ва мойчечак гиёҳларидан тайёрланган дамлама ҳам юқори нафас йўллари яллиғланишларида самара беради. Минерал сув ёки сода қўшиб тайёрланган сув балғамнинг кўчишига ёрдамлашади. Муолажа овқатлангандан сўнг 1,5 соат ўтгач ўтказилади. Буғ илиқ бўлиши, юзни куйдирмаслиги лозим.
Муолажа давомийлиги 10 дақиқа.
Маълумот ўрнида…
Юқори нафас йўллари яллиғланиш касалликлари билан касалланиш, айниқса декабрь ва январь ойларида энг авжига чиқади.
Ўғил болалар қиз болаларга нисбатан юқори нафас йўллари яллиғланиш касалликларини оғир ўтказишади. Чунки уларнинг қонидаги лейкоцитлар миқдори қиз болаларникига нисбатан 2 баравар камдир.
ЎРВИ касаллигини оғир ўтказиш, тана ҳароратининг кўтарилиб, беморнинг ётиб қолиши иммун тизим яхши ишлаётганлигидан дарак беради. Чунки иммунитет касаллик билан фаол курашади.
ЎРВИ касаллигининг давом этиши бир ҳафтани ташкил қилади. Бемор болалар касалликнинг биринчи уч куни атрофдагилар учун хавфли ҳисобланади. Ёпиқ ва тор хоналарда грипп ва ЎРВИ касаллигини чақирувчи вируслар бемор олдидан 7 метр масофада ҳам юқади.
Бола бўғилиб қолса…
- Болалардаги бўғилиб қолиш касаллиги круп деб аталади. Круп сўзи «қўпол» деган маънони англатади. Круп – бу бир нечта белгилардан иборат бўлиб, юқори нафас йўллари яллиғланиш касалликлари жумласига кириб, одатда тунда келиб чиқади. Круп синдроми овоз бўғилиши ва қийналиб нафас олиш белгилари билан намоён бўлади. Круп асосан 4 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Ушбу касалликда бола ҳам, ота-онаси ҳам қўрқиб, бирданига ваҳимага тушиб қолишади. Аслини олганда, бу касалликда тез ёрдам ўз вақтида кўрсатилса, касаллик асоратсиз ўтиб кетади.
Касаллик сабаблари:
* Юқори нафас йўллари яллиғланиш касалликлари;
* Грипп;
* Аллергия;
* Қонда кальций етишмовчилиги;
* Нафас олиш йўлларига ёт жисм тушиши.
Бу касалликларда овоз боғламлари яллиғланиши натижасида нафас олиш аъзоларида шиш пайдо бўлади. Шиш туфайли торайиш юзага келади. Натижада болада бўғилиш синдроми кузатилади.
Касаллик белгилари:
Бола кечаси тўсатдан йўталдан безовталаниб, уйғониб кетади. Овози ҳуштаксимон чиқади. Айрим ҳолларда боланинг овози хўроз товушига ўхшаб чиқади. Бола кўп йўталганлиги боис, қизариб кетади. Баъзи ҳолларда кўкариб қолади. Тана ҳарорати баланд рақамларгача кўтарилмайди. Бола лаблари атрофининг бироз кўкариши ва тери рангининг оқариши болада нафас етишмаётганлигини билдиради. Ушбу белгилар пайдо бўлиши билан дарҳол шифокорга мурожаат этинг. Агар круп синдромида тана ҳарорати 39 даражагача кўтарилса, бу ҳолат бола аҳволининг жиддийлигини англатади. Одатда болалар тоза ҳавога чиқарилса ёки оғзига буғи кўтарилиб турган иссиқ чой тутилса, аҳволи бироз яхшиланади. Круп синдроми ўз вақтида даволанилмаса, узоқ давом этади.
Сиз қандай ёрдам
беришингиз мумкин?
* Биринчи навбатда боланинг нафас олишига ёрдам беринг. Бунинг учун буғи кўтарилиб турган чойдан бироз ичиринг ва чой буғини нафас йўлларига тутиб туринг. Буғ бола нафас йўлларининг очилишига ёрдам беради;
* Хона ойнасини очиб, хонага тоза ҳаво киришига имконият яратинг;
* Агар болада сизни безовта қиладиган белгилар пайдо бўлса, зудлик билан «Тез ёрдам»га мурожаат этинг;
Хавфли белгилар:
* Ҳолсизлик;
* Лабларнинг кўкариши;
* Тана ҳароратининг 39 даражагача кўтарилиши;
* Бола сўлагини юта олмаслиги;
* Боланинг безовталаниб, ухлай олмаслиги;
Касалликнинг олдини олиш
* Хоналарни доимий равишда нам латта билан артиб тозалаш;
* Боғчаларда ва мактабда касалланган болаларни муассасаларга киритмаслик, уларни соғлом болалардан ажратиш;
* Мавсумий касалликлар бошланган вақтда (куз ва қиш ойларида) болаларга поливитаминлар бериш тавсия этилади;
Шунингдек, уйда ёки боғчада касалланган бола аниқланса, касал бола билан мулоқотда бўлган соғлом болаларга, интерферон, анаферон, лейкоцитар, интерферон ( бурунга томизилади) буюрилади.