Ҳаётда керак бўладиган одоб-ахлоқ қоидалари


Этикет қоидаларини билиш ўзингиз ҳақингизда яхши таассурот уйғотишга ёрдам беради. Ўзингиз ёлғиз бўлганингизда ёки яқин дўстингиз билан бирга бўлсангиз, албатта, қатъий қоидаларга риоя қилишингиз шарт эмас, лекин шундай вазиятлар бўладики, бунда этикетни билиш талаб қилинади.

Ресторанда
Эркак киши эшикни очади ва аёл кишини олдинга ўтказиб юборади, сўнгра унга пальтосини ечишга ёрдамлашади. Агар ресторанда столга буюртма берилган бўлса, айнан эркак киши столнинг қаердалигини аниқлаши ва ҳамроҳини у ерга олиб бориши лозим.

Ўта қаттиқ кулиш, баланд овозда гаплашиш, атрофдагиларга сурбетларча тикилиш асло мумкин эмас.

Олтин қоида: ресторанга ким таклиф қилса, пулни ҳам у тўлайди. Лекин столга олдиндан буюртма берилмаган бўлса ва “Балки овқатланармиз?” деган таклиф тушса, у ҳолда ҳар ким ўзи учун тўлайди. Шундай экан, ҳамёнга қараб иш тутиш ва официантга алоҳида ҳисоб-китоб қилиш лозимлигини олдиндан айтиб қўйиш керак.

Агар меҳмонингиз ҳисобни ўзи тўламоқчи бўлса, у билан ҳадеб баҳслашиш ва унга пул суқиш шарт эмас. Қоидага кўра унинг фикрини ҳурмат қилиш лозим.

Стол атрофида

Стол устига телефонингизни қўйманг! Биринчидан, бу маданиятсизлик саналади. Иккинчидан, бошқалар хотиржам овқатланиш учун келишади, сизнинг телефондаги суҳбатингизни эшитиш учун эмас.

Ҳар қандай учрашувга вақтида келишингиз шарт. Кеч қолганингиз ҳақида турли баҳоналарни кўрсатишингиз одобдан бўлмайди. Кўпи билан 15 дақиқа кеч қолиш мумкин, агар бундан ҳам кеч қолсангиз, қўнғироқ қилиб кеч қолаётганингиз сабабини тушунтиришингиз керак. Агар учрашувдан олдинроқ кеч қолишингиз аниқ бўлса, сўнгги дақиқаларгача чўзмасдан олдинроқ бу ҳақда айтиб қўйинг.

Суҳбат

Тарбияли киши бошқаларга шахсий ишлари, ишдаги муносабатлари, фарзандлари, соғлиги, одатлари ва диди ҳақида гапирмайди.

Маданиятли киши таниш-билишлари ҳақида ҳам гапирмайди. Бошқача айтганда, ғийбат қилмайди.

Тинглашни ҳам билиш лозим. Бу жим ўтириш керак дегани эмас. Суҳбатдошингизга унинг сўзларини диққат билан тинглаётганингизни кўрсатинг ва вақти-вақти билан унинг фикрига муносабатингизни билдириб туринг.

Меҳмонда

Кеч қолиш ҳақида гапирдик, лекин меҳмонга айтилган вақтдан эрта келиш ҳам нотўғри. Биз уй эгаларининг столларни силжитишаётгани ёки овқат тайёрлашаётгани устига келиб қолишимиз мумкин.

Болаларни фақат ўзингиз билан олиб келишни таклиф қилишганидагина олиб борган маъқул. Меҳмонлар даврасида уларнинг эътиборини фарзандларингизга қаратишдан қочинг. Қоидага кўра, меҳмонга қариндошингиз ёки танишингиз билан келишингиз мумкин, фақат бу ҳақда мезбонни олдиндан огоҳлантириб қўйишингиз даркор.

Таклиф қилинган таомни рад этиш яхши эмас. Қатъий парҳезда бўлганлар имкони бўлса меҳмонга бормаганлари маъқул. Мабодо меҳмондорчиликка борса ҳам таклиф қилинган таомдан оз миқдорда ўзига олиши лозим.

Қўл бериб кўришиш

Қоидага кўра, келишувга эришилганидан сўнг томонлар қўл бериб кўришишади.

Нотаниш кишилар даврасида бўлсангиз, сизни атрофдагиларга таништиришаётганида қўл бериб кўришишингиз мумкин.

Ишга жойлашаётганда бўлажак раҳбар билан қўл бериб кўришиш тавсия этилади.

Эшик олдида

Эшикдан доимо меҳмон биринчи киради. Агар меҳмон эркак киши бўлса, аёл киши биринчи киради. Ҳурматли меҳмонни бир нечта эшикдан иборат жойга олиб бориш лозим бўлса, қуйидагича йўл тутилади: эшикни очиб, меҳмонни ўтказиб юборилади, сўнг ундан илгарилаб кейинги эшик очиб турилади.

Магазин ёки идора эшиги олдида чиқаётганларни ўтказиб юборинг, сўнгра ўзингиз киринг.

Агар икки тавақали эшик бўлса, олдиндаги аёл киши эшикни очади, ортда турган эркак киши эса тутқичини ушлаб туради, аёл киши ичкарига киргач, унинг ортидан эркак киши киради.

Зина, эскалатор, лифт

Агарда зина қоронғи ёки чиқиш қийин бўлса, эркак киши аёл кишидан олдинда юради. Бошқа вазиятларда зинада аёл киши олдинда юради.

Лифтда аёл киши ҳамроҳи билан бўлмаса, керакли тугмани ўзи босади. Лифт ичидаги эркак тугмалар панелига яқин турган бўлса, бошқалардан қайси қаватга чиқишларини сўрайди ва тугмани босади. Лифтдан биринчи бўлиб аёллар чиқишади.

Жамоат транспорти

Жамоат транспортида кексалар ёки болали аёллар тик турган вазиятда ёшлар ўтириб кетишлари мутлақо одобга тўғри келмайди.

Тарбияли киши ён-атрофида тик турган аёл киши йўқ бўлсагина ўриндиққа ўтириши мумкин. Агарда транспортга аёл киши чиқиб қолса, дарҳол жой бўшатади.

Аёл киши эркак кишига ҳаттоки унинг ёши катта бўлса ҳам жой бўшатмайди. Ёшроқ аёл кекса қариндошига жой бўшатиши мумкин.

Агар аёл киши эркак ҳамроҳи билан бўлса, эркак киши биринчи бўлиб транспортдан тушади.

Магазинда

Магазинда савдо қилаётганингизда сотувчини майда-чуйда инжиқликлар билан ёки нимани сотиб олишни билмасдан узоқ ўйланиб бездириб юборманг.

Кассага яқинлашганингизда харидингизга тахминан яқин миқдордаги пулни тайёрлаб олинг.

Қайтимни санашда сусткашлик қилманг. Бугунги ҳаёт биздан тезкорлик ва аниқликни талаб қилмоқда.