Уй шароитида маникюр қиламиз


Тўғри парвариш қилинган тирноқлар аёллар учун нафақат яхши ташқи кўриниш балки шахсий гигиена талабларидан биридир. Ўўллар ва тирноқлар озода кўринишга эга бўлиши учун ҳафтада бир марта маникюр қилиб туриш керак. Буни ҳар қандай гўзаллик салонида ўз ишининг усталари бажариши мумкин, бироқ ҳаммада ҳам бунинг учун имконият ёки вақт топилмаслиги мумкин. Маникюрни уй шароитида мустақил равишда қилиш унчалик қийин эмас, бунинг учун баъзи тавсияларга амал қилсангиз кифоя.

Маникюр учун қуйидаги воситалар керак бўлади:

  • ацетон
  • денгиз тузи ёки оддий ош тузи
  • лимонли эфир мойи
  • ўсимлик ёғи
  • қайчи
  • кутикулани олиш учун махсус асбоб
  • эговча (пилка)
  • қўл учун крем
  • рангли тирноқ бўёғи (лак)
  • шаффоф тирноқ бўёғи

Косметик процедурани тирноқлардаги бўёқни ўчириб ташлаш билан бошлаймиз.

Foto 1

Сўнг тирноқларимиз учун махсус ваннача тайёрлаймиз. Бунинг учун тоғорачага иссиқ сув солиб, унга 2—3 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 2 ош қошиқ денгиз тузи ёки оддий ош тузи ва бир неча томчи лимонли эфир мойи қўшамиз. Тирноқларни ушбу аралашмага 10 дақиқача солиб турамиз.

Foto 2

Бундай ваннанинг тирноқлар учун фойдаси кўп: ўсимлик ёғи тирноқ атрофидаги терини юмшатиб, тирноқларни турли витаминлар билан таъминласа, туз уларни мустаҳкам қилади; лимонли эфир мойи эса сарғайган тирноқ пластинкасини оқартиради.

Энди махсус куракча ёки учли таёқча ёрдамида тирноқнинг терига ёпишган қисмларидаги кутикулаларни тери томонга итариб чиқамиз.


Foto 3

Тирноқ атрофидаги дағаллашиб, ажралиб чиқиб қолган тери бўлакчаларини қайчи ёрдамида эҳтиёткорлик билан олиб ташлаймиз.

Foto 4

Тирноқларга шакл беришда эговчадан фойдаланамиз. Агар тирноқни анча калталатмоқчи бўлсангиз, аввал қайчича ёрдамида кесиб чиқинг, сўнг эговча билан ишлов беринг. Тирноқни эговлашда, эговни бир томонга қараб ёналтиринг, шунда тирноқлар қат-қат бўлиб кўчмайди.

Foto 5

Энди тирноққа бўёқни сурса ҳам бўлади. Ўзингиз маъқул кўрган рангдаги лакни олиб, уни тирноққа аввал бир қават қилиб, у қотгач, яна бир қават қилиб суриб чиқинг.

Foto 6

Бўёқ тўлиқ қотгач, устидан шаффоф лак суриш тавсия этилади, бу лак тез ўчиб ёки кўчиб кетмаслигини таъминлайди.

Foto 7

    Маникюрнинг якунловчи босқичи қўлларингиз учун оддий қўл кремидан ниқоб қилишдан иборат. Бунинг учун қўлларингизга кремни қалингина қилиб суриб, 5—10 дақиқа ушлаб туринг, сўнг сочиқча билан артиб ташлашингиз мумкин.


    Тирноқлар парвариши бўйича кичик тавсиялар:

  • Тирноқларингизда пайдо бўлган оқ доғчалар организмингизда витамин ва минераллар етишмаслигидан дарак беради. Кўп ҳолларда калсий препаратларини қабул қилиш орқали бундай муаммоларга барҳам бериш мумкин.
  • Тирноқларингиз ўта синувчан ва кўчувчан бўлиб қолса, улар учун денгиз тузи қўшилган илиқ ванначани 2—3 ҳафта давомида ҳар куни қабул қилиш тавсия этилади.
  • Лак ва ацетондан кўп фойдаланиш натижасида тирноқ пластинаси мўрт бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолларда озуқавий кремдан компресс қилиш ёки ёғ қўшилган ванначалар қабул қилиш ёрдам беради.
  • Тирноқ пластинаси сарғайиб қолган бўлса, уни лимон шарбати билан артиш маслаҳат берилади.