Юзни ёшартирувчи ниқоблар
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2015-12-01 18:08:47
- 0
- 0
- 41376
Вақт ўтиши билан тери ҳужайралари терининг таранглигини таъминлаб турувчи коллаген ва эластинни етарли миқдорда ишлаб чиқармай қўяди. Шу туфайли юз ёш ва тиниқ кўринишга эга бўлмай қолади. Бу айнан неча ёшда содир бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ. Бунга ирсий хусусиятлар, ишлаш ва яшаш шроитлари, овқатланиш тартиби, ҳаёт тарзи, терини парваришлаб бориш ва бошқалар таъсир кўрсатади. Баъзи аёллар 35—40 ёшларида ҳам тиниқ юз терисига эга бўлса, бошқалар 25 ёшларидаёқ юзида ўзгариш бўлаётганини сезиши мумкин. Бироқ терини парваришлашни иложи борича эртароқ бошлаган маъқул, шунда ўзингиз истамаган ўзгаришлар унчалик сезиларли бўлмайди.
Уй шароитида юзни парвариш қилишнинг энг осон ва шу билан бирга, самарали усули ниқоблардир. Хўш, ниқоблар нималардан тайёрланиши мумкин ва улар қандай хусусиятга эга. Ўуйида бундай ниқобларда қўлланиладиган баъзи маҳсулотларни ва улар терига кўрсатадиган самараларни санаб ўтамиз.
- Асал — витаминларнинг ҳақиқий хазинасидир. У терини тозалайди ва озиқлантиради.
- Хантал эпидермис (терининг ташқи қавати)га сурилганида, унинг ҳужайралари қон билан таъминланишини яхшилайди, моддалар алмашинуви ҳам йўлга тушади, натижада эластин ва коллаген ишлаб чиқарила бошлайди.
- Хом тухум — теридаги тешикчаларни торайтириш билан бирга, улардаги ортиқча нарсаларни чиқариб ташлайди. У, шунингдек, намлантирувчи хусусиятга ҳам эга.
- Сметана, қатиқдаги кислоталар эпидермиснинг қотиб кетган ҳужайраларини йўқ қилади, шунингдек, ушбу маҳсулотлар терини озиқлантиради ва намлантиради.
- Косметик гил (глина)теридаги яллиғланишни кеткизади, уни намлантиради ва унга эластикликни қайтаради.
- Бодринг ҳам яллиғланишни йўқ қилади, терини таранглаштиради ва уни янгилайди.
- Картошка яллиғланишга қарши таъсирга эга, унинг шарбати терини тиниқлаштиради ва озиқлантиради.
- Мева кислоталари кўпинча пилинглар таркибига киритилади, бундай пилинглар юзнинг эскирган ва ўлик ҳужайраларини йўқ қилиб, уни янгилайди.
- Хамиртуруш — тери ҳолатига таъсир кўрсата оладиган тирик организмлардир.
- Геркулес (сули ёрмаси) терининг дағал бўлиб қолган ҳужайраларини кеткизиб, шу билан бирвақтда эпидермисни намлантиради ва юмшатади.
- Табиий мойлар сўлғин ва қуруқ тери учун энг яхши намлантирувчидир. Бундан ташқари, уларнинг таркибидаги Э витамини эпидермис ҳужайраларининг нормал ишлаши учун зарур.
Ниқоб суришнинг асосий босқичлари
Уй шароитида ёшартирувчи ниқоблар юзга қуйидаги тарзда сурилади:
- Дастлаб тери тозаланади. Юзингизни ювинг, сўнг лосён ёрдамида тозаланг. Юмшоқ скраб билан юмшоқ пилинг қилиш ҳам мумкин.
- Юздаги тешикчалар очилиб, ниқоб таркибидаги моддалар терига яхшироқ сингиши учун юзни буғлаб юмшатган маъқул. Бунинг учун қайноқ ванна қабул қилинг ёки юзингизни қайноқ сув солинган идиш оғзига тутиб туринг.
- Энди ниқобни суриш мумкин. Вақтни белгиланг ва бўшашинг.
- Ниқобни ювиб ташлашга киришинг. Уни эҳтиёткорлик билан, илиқ сувда, яхшиси совунсиз ювиш зарур (агар юздан кетиши қийин бўлаверса, совун ишлатиш мумкин). Баъзи ниқобларни эса оддий салфетка билан тозалаб олиш мумкин.
Қуйида эса баъзи ниқоблар рецептлари билан танишишингиз мумкин.
- Оқ гилдан ниқоб. У ажинларни текислайди ва юздаги тешикчаларни торайтиради. Бир чой қошиқ косметик оқ гилни шунча миқдордаги асал ва лимон шарбати билан аралаштиринг. Уни дарҳол юзга суриб, 20 дақиқага қолдиринг.
- Геркулесли ниқоб қуруқ тери учун айни муддаодир. 50 грамм сули ёрмасини бландерда майдаланг, ярим стакан қайноқ сутга солинг ва бир чой қошиқ зайтун ёғи билан аралаштиринг. Юзга суриб, ярим соатга қолдиринг.
- Хамиртурушли ниқоб. Тез эрувчи дрожжини сут ёки сувда эритинг, ҳосил бўлган масса қуюқлиги сметананикига ўхшаш бўлиши керак. Унга бир ош қошиқ бодом ёғи қўшинг ва юзга уч қават қилиб суринг ва 20 дақиқага қолдиринг.
- Ёғли юзлар учун қатиқли ниқоб мос тушади. Бир чой қошиқ ош содасини 50 мл илиқ қатиққа қўшинг. Юзга суриб, 15—20 дақиқага қолдиринг.
- Қуруқ юзга тухум сариғи ва асал аралашмаси тавсия этилади. Бунинг учун битта тухум сариғини бир ош қошиқ асал билан аралаштиринг ва юзга ярим соатга суриб қўйинг.