Ошхона идишларидан тўғри фойдаланиш йўллари


Чойнак ва човгумлар

Човгумда сув қайнатишдан аввал уни тозаловчи фильтрдан ўтказиш тавсия этилади. Тоза сув қайнатилганда човгум деворларида қурум йиғилмайди. Шу билан бирга, бундай сув соғлиқ учун ҳам фойдали. Агар фильтр ҳарид қилишга имконингиз бўлмаса, хеч бўлмаганда, водопровод сувини тиндириб, кейин қайнатишга одатланинг. Човгумда йиғилиб қолган қасмоқларни кетказиш учун эса идишга тозалаб ювилган картошка пўстлоғини соласиз. Сўнг устидан сув қуйиб, қасмоқ юмшагунча қайнатасиз. Кўп ҳолларда тез-тез чой дамланадиган сирли чойнакларнинг жўмраги сарғайиб, доғ бўлиб қолади. Уларни кетказиш учун чойнакка бир пиёла кул ва қайноқ сув қуйинг. Доғлардан асар ҳам қолмайди.

Сирли идиш тагига олса

Одатда овқатни иситиш учун сирли идишлардан фойдаланилади. Агар маълум сабабга кўра идиш тагига олса, уни дарров пичоқ билан қиришга тушамиз. Натижада идишнинг кўринишига путур етади. Шу боис унга истеъмол содаси солиб (2 литр сувга 1 чой қошиқ миқдорида) сув билан қайнатиш керак. Шундан сўнг идиш тез тозаланади. Борди-ю истеъмол содаси бўлмаса, бунда сизга пиёз ёрдам беради. Бунинг учун истеъмол содаси ўрнига 2-3 дона пиёз ишлатилади.

Микротўлқинли печ: махсус идишлардан фойдаланинг!

Микротўлқинли печдан фойдаланишда иложи борича махсус идишларни ишлатган маъқул. Сизда бу борада муаммолар пайдо бўлганда, шишали идишлар ишлатишни тавсия этамиз. Ҳажм борасида эса думалоқ шаклдагилари яхши танловдир. Аввало, идишнинг қай даражада чидамли эканлигини синовдан ўтказинг. Бунинг учун шишали идишга сув солиб, уни энг баланд ҳароратга кўтариб, микротўлқинли печ ичига соласиз (5 дақиқага). Ушбу жараёнда идишнинг ўзи қизиб, сув совуқлигича турган бўлса, бундай идишлардан фойдаланиб бўлмайди. Асло олтин суви юритилган ва металл қисқичли идишларни ишлатиш тавсия этилмайди.


Теглар: ошхона