Уйдаги чангдан халос бўламиз


Уйдаги тозалик ва тартиб — қандайдир маънода ҳаётингиздаги саранжомликни ҳам билдиради. Шунингдек, бу ўзингиз ва яқинларингизнинг соғлиғи гарови ҳамдир. Уйни чангдан халос этиш нима учун бунчалик муҳим?

Чангнинг нимаси хавфли?

Аризона университети тадқиқотчилари маълумотларига кўра, икки ҳафтада хонадонда горизонтал юза (пол ва мебел)ларнинг ҳар 1 квадрат сантиметрига 6 мингга яқин чанг зарралари ўтириб қолади. Чангнинг таркиби турлича бўлиши мумкин, аммо кўпинча у минерал заррачалар, текстиль ва қоғоз толалари, тери пўстлоғи, гул чанглари ва ҳатто космик чангларни ҳам ўз ичига олади.

Олимлар чангнинг катта қисми уйга ифлос пойабзал ёки кийим орқали эмас, ҳаво билан бирга киришини аниқлади. Яъни йилнинг илиқ фаслларида хонадонни доимий равишда шамоллатиш орқали сиз чанг ва аллергенлардан қутулмайсиз, аксинча, уларнинг миқдорини кўпайтирасиз.

Чангнинг асосий хавфи шундан иборатки, у сапрофит каналар учун айни боп яшаш муҳитига айланиб қолади. Ушбу микроорганизмларнинг ўзи деярли хавфсиз, аммо уларнинг ҳаёт фаолияти учун зарур маҳсулотлар аллергия ва кўпинча астма пайдо бўлишининг асосий сабаблари ҳисобланади.

Аллергенлардан халос бўлишнинг учта синалган усули

1) асосий чанг йиғувчи буюмларни йўқотинг

Деворга илинган гилам, ковролин (хона полининг бутун юзасига тўшалган гилам)дан халос бўлинг, полдаги гиламларни ҳам камайтиринг. Оғир матоли пардалар ўрнига қулай ва енгил, шунингдек, нам латта билан осонгина тозаланадиганларини танланг.

Китоблар чанг йиғмаслиги учун уларни шиша эшикли жавонларга қўйинг. Токчаларга қўйилган майда-чуйда буюмларни эса бутунлай олиб қўйган маъқул: улар уйни саранжомлаш жараёнини қийинлаштиргани қолади, холос.

2) ҳафтасига камида бир марта чангларни артиб чиқинг

Пол, токчалар ва мебелни артинг, диван ва гиламларни яхшилаб чангютгич билан тозаланг. Хонадонингиздаги энг олис бурчакларга ҳам ҳўл латта теккизишга эринманг. Каравотлар ости ҳам қолиб кетмасин.

3) чангга қарши спрейдан фойдаланинг

Уйни тозалаш учун мўлжалланган замонавий воситалар ҳаётингизни анча осонлаштиради. Масалан, чангга қарши спрейлар мебелдан нафақат чанг, балки бармоқ излари, кирларни кетказади, аллергенларни нейтраллаштиради ва юзаларга табиий жило беради. Спрейни ёғоч, пластик каби барча мебель қопламаларига сепиш мумкин, шунингдек, телевизор панели, видео ва аудиоқурилмаларни тозалашда ҳам фойдаланиш мумкин. Уни шунчаки сепинг, сўнг латта билан артиб ташланг.

Афсуски чангдан бутунлай қутулиш имкони йўқ, у барибир вақти-вақти билан пайдо бўлиб туради. Аммо ушбу маслаҳатларга риоя қилсангиз, уйингиз анча тоза ва хавфсиз бўлади.