Тарвуз ёрдамида тери ва сочингизга кўрк бағишланг


Юртимизга ёз фасли ҳам кириб келмоқда. Бу фаслда табиат бизга тақдим этадиган неъматлардан нафақат организмни витаминларга бойитиш, балки янада чиройли ва жозибали бўлиш мақсадида ҳам фойдаланишимиз мумкин.

Шундай неъматлардан бири тарвуз бўлиб, қуйида ундан гўзаллик ва бетакрорлик учун қандай фойдаланишимиз мумкинлигини келтириб ўтамиз. Тарвузнинг саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эга эканлиги билан кўпчилигимиз таниш бўлганлигимиз учун ушбу мақолада унинг фақат гўзаллик борасидаги жиҳатларига тўхталамиз.

Гўзаллик учун тарвуз

Тарвузнинг гўзаллик учун таъсири ҳақида сўз юрита туриб, тарвузли парҳез ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. 100 грамм тарвуз эти атиги 38 Ккал.га эга эканлиги туфайли унинг ёрдамида ортиқча вазндан қутулиш мумкин.

Тарвузнинг фойдали таркиби

Албатта тарвузнинг 90 фоизи сувдан иборат. Шу билан бирга тарвуз пектин, ўсимлик оқсили, минерал моддалар (темир, калий, калций, магний, фосфор, натрий ва ҳ.о), шунингдек Б гуруҳидаги витаминларга бой. Тарвузнинг устун жиҳати у ёғли ва қуруқ терига бирдай тўғри келиб, уни тетиклаштиради.

Тери гўзаллиги учун

– Тарвуз шарбати ажойиб тетиклаштирувчи восита бўлганлиги учун терининг осилиб қолишига қарши ундан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун тарвуз шарбатига салфеткани намлаб, уни терида 15 дақиқа ушлаб туриш кифоя қилади. Бунда тарвуз шарбати илиқ бўлиши лозим.

– Тарвуз шарбатидан тайёрланадиган муз бўлакчалари ҳам машҳур саналади. Терини таранглаштириш ва тетиклаштириш учун тарвузли муз бўлакчасини юзга суриб, унинг шарбатини 10—15 дақиқага қолдириш керак. Сўнгра юзни совуқ сув билан ювиб, одатий кремдан суриш лозим.

– Тарвуз шарбатига ўрик шарбатини қўшиш орқали терини тозалаш мумкин. Бу аралашма нормал ва қуруқ юз териси учун тўғри келса, ёғли юз териси учун тарвуз шарбатига бодринг шарбатини қўшиш тавсия этилади.

– Терини намлантириш учун тарвузли лосьон тайёрлаш мумкин. Бунинг учун тарвуз этини эзиб, ундан шарбат ажралиб чиқиши учун бир неча соатга қолдириш керак. Ундан шарбатини сиқиб олгандан кейин, унга бир катта қошиқ асал ва шунча туз қўшилади. Ҳосил бўлган аралашмага 200 мл арақ қўшиб, шиша идишга солиб қўйилади. Бундай лосьонни совуқ жойда сақлаш лозим.

– Тарвуз этидан тайёрланган бўтқани юзга 15—20 дақиқага суриб қўйиш уни фақатгина озиқлантириб қолмай, тери рангини ҳам яхшилайди.

Соч кўрки учун тарвуз

Сочларингиз учун тарвуз этидан ниқоб тайёрлаб, уларга майинлик ва қўшимча жило бағишлайсиз. Бунинг учун бор-йўғи тарвуз этини эзиб, уларни сочларга 20 дақиқага суриб қўйиш керак, холос. Шундан сўнг уларни одатдагидек шампун билан ювишингиз мумкин.