Фитнес билан шуғулланишда йўл қўйиладиган хатолар
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Мода ва услуб
- 2016-06-09 15:37:04
- 0
- 0
- 9934
Спортнинг соғлик ва ташқи кўриниш учун фойдали жиҳатлари ҳақида кўп гапирилган ва ҳар биримиз жисмоний ҳаракат билан шуғулланишимиз зарур эканлигини яхши биламиз. Кўпчилик аёллар ортиқча вазнга қарши курашишда самарали, қолаверса, қизиқарли бўлганлиги учун спортнинг фитнес шакли билан шуғулланишни маъқул кўради. Шунингдек, фитнес ёш танламайди ва махсус тайёргарликни талаб этмайди.
Фитнес — танани ҳаётий фаоллик билан таъминлабгина қолмай, кишининг умумий ҳолатини ҳам яхшилайди, чарчоқ ва асабийликдан қутулишга ёрдам беради.
Бироқ, баъзан мунтазам машғулотлар ҳам кутилган натижани бермайди. Бунга ёмон мураббий ёки сизнинг қобилиятсизлигингиз эмас, машғулотларни бажариш давомидаги хатолар сабаб бўлади. Қандай хатолар спорт билан шуғулланишдан ҳафсаламизни пир қилар экан?
- Машғулотлар режимига риоя этмаслик
Спорт билан шуғулланишга қарор қилган экансиз, биринчи навбатда бундан қандай мақсадни кўзлаганлигингизни аниқлаб олинг. Айнан қандай натижага эришмоқчи эканлигингизни белгилаб олинг. Шундан сўнг мақсадга мос равишда машғулотларни режалаштиринг. Бунда тажрибали мураббийдан маслаҳат олиш айни муддао ҳисобланади. Шундан сўнг машғулотлар режасига қатъий амал қилинг. Машқларни ўзбилармонлик билан бажаришга ҳаракат қилманг, бундан фақат зарар қилишингиз мумкин.
- Машғулотлардан аввал чигил ёзувчи машқларни бажармаслик
Кўпчилик машғулотлардан аввал чигилни ёзувчи машқлар – разминкага кўп ҳам вақт ажратмайди. Спортзалга келгандан кейинги биринчи вазифангиз мушакларни зўриқишга тайёрлаб, махсус разминкани бажаришдан иборат бўлиши лозим. Бундай машқлар юрак уриши ва нафас олишнинг кескин тезлашиши, ҳамда машқлар давомида шикастланишларнинг олдини олади.
- Ҳаддан ортиқ зўриқиш
Кўпчилик организм қанча кўп зўриқса, шунча тез озади ёки чиройли мушаклар ҳосил бўлади деб ўйлайди. Бу янглиш фикрлаш аксинча соғлиқнинг ёмонлашуви ва ачинарли ҳолатларни юзага келтиради. Машғулотлар давомида ўз кечинмаларингизга эътиборли бўлинг. Агар кўнгил айниши, ҳолдан тойиш, бош айланиши ёки мушакларда чидаб бўлмайдиган оғриқни ҳис қилсангиз машқ бажаришни шу заҳоти тўхтатинг.
- Нотўғри нафас олиш
Ҳар қандай машғулот жараёнида тўғри нафас олиш муҳим ҳисобланади. Жисмоний зўриқишни нафас олиш машқлари билан уйғунлаштириш машғулотлар самарадорлигини оширади ва қўйилган мақсадга эришиш жараёнини тезлаштиради. Қайси спорт тури билан шуғулланишингиздан қатъий назар, тўғри нафас олишнинг аниқ меъёрлари мавжуд.
- Сув ичиш ва сув муолажалари
Машғулотлар давомида ва улар якунлангандан кейин риоя этиш лозим бўлган муайян чекловлар мавжуд. Бу биринчи навбатда сув ичишга ҳам тааллуқлидир. Машқ бажариш жараёнида уни чекланган миқдорда ичиш лозим. Бундан ташқари, жуда совуқ сув ичишдан тийилиш зарур. Акс ҳолда бу тана ҳароратини жуда тез тушириб, юрак босимига таъсир қилади.
Машғулотлардан сўнг дарҳол иссиқ душ қабул қилиш ҳам тавсия этилмайди. Салқин сув остида ювиниш мақсадга мувофиқ саналади.
Юқорида санаб ўтилган хатоларга йўл қўймаслик орқали сиз спорт билан шуғулланишдан кўзлаган мақсадингизга тезроқ эришасиз!