Карафс (Сельдерей) қандай хосиятларга эга?


Қадимда юнон ва римликлар гўшт бузилмаслиги учун карафс қўшиб қўйишган. Унинг илдизи ҳамда поясини шўрвага ва бошқа овқатларга ишлатишган. Дориворлик хусусияти қадимдан маълум бўлганлиги учун ҳам ундан теридаги яраларни тез битиришда, йирингни тозалашда, темираткида, эшакем тошгандан ва бошқа кўпгина тери хасталикларида фойдаланилади.

Ибн Сино карафснинг илдизи ва уруғи тана қувватини оширишда, пешоб ҳайдашда, шишларани йўқотишда, қорин дам бўлганида, аъзолардаги тиқинларда очишда, терлатишда, оғриқ қолдиришда, йўтал, нафас қисишда(астма), кўкраклардаги оғриқларни қолдиришда, ҳайзни келтиришда ҳамда жигар ва талоқни даволашда, айниқса, фойдали эканини ҳам алоҳида уқтиради.

Ибн Сино бундан ташқари, карафсни бел оғриғида, асаб толаларининг шамоллашида, жигар, талоқдаги тиқинларни очишда, ичакларда ел тўпланганда, пешоб ҳайдашда ҳам ишлатган.

Бундан ташқари, иштаҳа очувчи, эркаклик қувватини оширувчи, жигар ва талоқдаги тиқинларни очувчи, пешоб ҳайдовчи, сийдик қопидаги тошларни сўрдирувчи, агар таомга қўшиб исеъмол қилинса, нафас сиқишда, зотилжамда, биқин санчиқларида, кекиришда яхши ёрдам беради, деб таъкидлайди аллома ўз асарида.

Халқ тиббиётида илдиз ва баргидан тайёрланган дорилар иштаҳа очишда, меъда ва ичак касалликларида қуланж (колит), ичакда ҳаво тўпланишида (метеоризм), қабзият, сийдик йўли хасталикларида, ҳайзнинг бузилишида, эркаклар шаҳвоний қувватининг пасайишида(импотенция), жисмоний ва ақлий қувватсизликда ҳамда қон тозаловчи сифатида яхши ёрдам беради. Бундан ташқари, буйрак-тош хасталигида, ични юмшатиш учун бод, санчиқ пайдо бўлиш ҳолларида ҳам ишлатилади.

Тайёрлаш усули. Ўсимликнинг янги кавлаб олинган, ювиб, тозаланган илдизни сиқиб сув олинади ва овқатдан 30 40 дақиқа олдин 1 2 чой қошиқдан кунига 3 маҳал ичилади.