Бўйин соҳаси ва қўллардаги ажинларга қарши табиий воситалар
- Муаллиф: Karimova Diyora Baxtiyor qizi
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2016-07-14 15:56:06
- 0
- 0
- 9424
Бугунги кунда эрта қариш аёлларнинг энг катта қўрқувларидан бирига айланган. Қуёшдан кўп таъсирланиш ва атроф-муҳитнинг ифлосланганлиги терига салбий таъсир қилиши ва турли доғлар, ажинлар каби эрта қаришнинг белгиларини келтириб чиқариши исботланган.
Шунинг учун юз терисини парвариш қилиш билан бирга бўйин соҳаси ва қўлларга ҳам эътибор қаратиш ва уларни парвариш қилиш учун вақт ажратиш муҳим ҳисобланади. Тананинг бу қисмларидаги тери жуда майин бўлиб, зарур озиқлантирувчи моддаларни олмаган тақдирда осонлик билан ўз таранглигини йўқотади.
Қуйида тананинг ушбу соҳалари эрта қаришига қарши курашишда қўл келувчи табиий воситаларни келтириб ўтамиз:
- Сут ва асалли восита
Сут ҳам, асал ҳам ғаройиб хусусиятларга эга бўлиб, қадимдан тери парвариши учун қўлланилган. Сут теридаги ўлик ҳужайралар ва қора доғларнинг йўқолишини осонлаштириб, уни чуқур тозалайди. Асал эса терини табиий намлантириш ва унинг қайта тикланиш хусусиятини оширувчи ажойиб таркибга эга.
Ниқоб учун бизга:
– 1 чой қошиқ шакар (5 грамм);
– 0,5 стакан сут (125 мл);
– 2 ош қошиқ асал (50 грамм) керак бўлади.
Тайёрланиши:
– сут билан шакарни аралаштиринг ва чўтка ёрдамида бўйин, кўкрак ва қўл терисига суринг.
– уни 20 дақиқага қолдириб, бу вақт давомида асални юпқа қилиб суринг, яна 20 дақиқа кутиб, кейин илиқ сувда ювиб ташланг.
– бу жараённи ҳафтада бир ёки икки марта такрорланг.
- Зайтун ёғи асосидаги восита
Зайтун ёғининг антиоксидантлик хусусияти ундаги тенгсиз ёғ кислоталари билан биргаликда терининг қариш аломатларига қарши ажойиб восита ҳисобланади. У эркин радикалларнинг терига таъсирини тўхтатиб, уни намлантиради ва эластиклигини оширади.
Керак бўлади:
– ярим стакан зайтун ёғи (125 мл);
– бир ош қошиқ шакар (10 грамм).
Тайёрланиши:
– Сиз тоза зайтун ёғининг ўзидан фойдаланишингиз мумкин эканлигига қарамасдан, бу ҳолатда биз сизга уни шакар билан аралаштиришни тавсия этамиз. Бу пилинг кучини беради.
– Ҳосил бўлган аралашмани айлана шаклда майин массаж йўли билан бўйин ва кўкрак соҳасига суринг, қўллар терисига эса керагидан ортиқроқ суринг.
– 30 дақиқадан сўнг барчасини совуқ сув билан чайиб ташланг.