Юз териси турини тўғри аниқлаш
- Муаллиф: Pazandaxon
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2016-07-19 12:25:39
- 0
- 0
- 5117
Юз терисини тўғри парвариш қилиш, биринчи навбатда тери тури учун косметик маҳсулотларни тўғри танлашга боғлиқ. Юз терисига мос келмаган маҳсулотларни ишлатиш кўп ҳолларда фойда бермайди, баъзан эса акс-таъсир кўрсатади. Шу сабабли парвариш жараёнини бошлашдан олдин ўз юз теримиз турини ва ундаги муаммолар сабабини аниқлаб олишимиз лозим. Бунинг учун кўзгуга боқиб, юз терисига диққат билан эътибор бериш керак бўлади.
Агар сизда қуйидаги аломатлар мавжуд бўлса, демак сиз муаммоли юз териси эгасисиз.
- юзда майда қизил тошмалар бор,
- юздаги тешикчалар кенгайган,
- юзга ва бурун устида қора нуқталар (камидон) бор,
- юз ёғланиб тез кирланса,
- юздаги қизил тошмалар учи йирингли бўлса.
Бундай юз териси эгалари асосан 20-25 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади. Бу ёшда организмда гормон ўзгариши бўлиб, у ўткинчидир. Лекин шу даврда гигиена ва косметик маҳсулотлардан тўғри фойдаланилмаса, ўзидан чуқур ва хунук из қолдиради. Бунинг учун биринчи галда гигиенага амал қилинг. Тез-тез душ ёки ванна қабул қилинг. Юзингизни сиқманг, қўлингиз билан қизил тошмаларга ҳадеб тегинманг. Бу пайтда инфекция тушиш эҳтимоли юқори. Ўз вақтида косметик маҳсулотлардан тўғри фойдалансангиз юзингиз тиниқ ва янада жозибали бўлади.
Парвариш тартиби:
1. Гел билан ҳар куни 2 маҳал: эрталаб ва кечқурун юз ювилади.
2. Тоникда артилади
3. Угрилар бўлса махсус угри учун крем суртилади.
4. 4-5 кунда бир марта ниқоб ёки скраб қуйилади.
Қуйидаги аломатлар сизнинг юз терингиз қуруқ эканини билдиради:
- юз эрталаб ювилганда тортишса,
- юзда сезиларли майда ажинлар бўлса,
- юзга умуман сув теккизиб бўлмаса,
- юз доим қурушқоқ бўлса,
- юзда доғлар бўлса,
Бундай юз терисини ўз вақтида намлаб, ҳимояламаса юзга тез ажин ва доғ тушади.
Парвариш тартиби:
1. Молочкода юзни икки маҳал ювилади.
2. Тоникда артилади.
3. Ҳимоя крем – қуёшдан ҳимояловчи, оқартирувчи, намлантирувчи крем суртилади.
4. Махсус қуруқ юз териси учун ниқоб ва скраб ишлатилади.
5. Кечқурун, махсус қуруқ юз териси учун намлантирувчи ва озиқлантирувчи крем суртилади.
Кейинги аломатлар ёғли юз тери эгаларида бўлади:
- юз доим ёғланиб турса,
- юздаги тешиклар кенгайган бўлса,
- юзда ва бурун устида қора нуқталар бор бўлса,
- бармоқлар пешона, юз ва ияк соҳасида юргизилганда ёғланса.
Бундай тери эгаларини доғ ва ажинлар хеч қачон безовта қилмайди. Лекин бу юзни ўз вақтида озиқлантириб, намлантириш шарт.
Парвариш тартиби:
1. Гелда юзни икки маҳал ювилади.
2. Тоникда артилади
3. Махсус ёғли юз териси учун намлантирувчи, юз тери ёғини ишлаб чиқаришини тартибга келтирувчи ҳимоя креми суртилади.
4. Ҳар 4-5 кунда махсус ёғли юз териси учун ниқоб ва скраб қўйилади.
5. Кечқурун, махсус ёғли юз териси учун озиқлантирувчи, намлантирувчи крем суртилади.
Аралаш юз териси эгаларидаги аломатлар қуйидагича:
- пешона ва бурун усти терилари ёғли бўлса,
- юз атрофларининг баъзи жойлари қуруқ бўлса,
- юз ювилганда баъзи жойлари ачишса,
- юз баъзан ёғли ва баъзан қуруқ бўлса.
Бу юз териси ҳам озуқа ва ҳимояга мухтож бўлади. Қуёшда юз терисига доғлар тушади, ажинлар пайдо бўлади.
Парвариш тартиби:
1. Гелда юз икки маҳал ювилади.
2. Тоникда артилади.
3. Ҳимоя – оқартирувчи, ҳимояловчи крем суртилади.
4. Махсус аралаш юз териси учун ниқоб ва скраб қўйилади.
5. Кечқурун, махсус аралаш юз териси учун озиқлантирувчи, намлантирувчи крем суртилади.
Таъсирчан юз териси эгаларидаги аломатлар қуйидагича:
- юз терида майда қизил томирлар бор бўлса,
- юз қуёшда ачишиб қизарса,
- совунлаб ювганда ачишиб қизарса,
- совуқ кунларда ачишиб қизарса.
Бу юз териси ҳам намликка, озуқага ва ҳимояга муҳтож бўлади. Ўз вақтида парвариш қилинмаса юзга ажин ва доғлар тушади.
Парвариш тартиби:
1. Молочкода 2 маҳал юз ювилади.
2. Тоникда артилади.
3. Ҳимоя – оқартирувчи, химояловчи крем суртилади
4. Махсус таъсирчан юз териси учун ниқоб ва скраб қўйилади.
5. Кечқурун, махсус таъсирчан юз териси учун озиқлантирувчи, намлантирувчи крем суртилади.
Агар сиз юз турингизни тўғри аниқлашга қийналсангиз, махсус таъсирчан тери учун тўпламдан фойдаланашингиз мумкин. Бу тўплам барча турдаги юз териларига мос келади.
Манба: beka.uz