Кийимларни тўғри дазмоллаш қоидалари
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Мода ва услуб
- 2016-11-18 13:16:24
- 0
- 0
- 10178
Ҳозирги пайтда кўплаб фабрикалар дазмол қилишни талаб этмайдиган матолардан либослар чиқармоқда. Бироқ ҳақиқатан сифатли ва қиммат матолар дазмоллашни талаб қилади, акс ҳолда улар пала-партиш кўриниш касб этади. Баъзи уй бекалари учун дазмоллаш жараёни ҳақиқий машаққатга айланади. Дазмоллашнинг асосий қоидаларини билиб олсангиз, севимли либосларингизни осонлик билан идеал ҳолатга келтира оласиз.
Дазмоллаш усуллари
Қуруқ дазмоллаш. Бу усулда кийимлар ўнг ёки тескари томонидан дазмол қилинади.
Намлаб дазмоллаш. Кийимга сув сепиб чиқилади ёки ҳўл сочиққа ўраб қўйиб, сўнгра қиздирилган дазмол билан дазмолланади.
Буғ ёрдамида дазмоллаш. Бу ҳолда дазмолнинг буғ чиқариш вазифасидан фойдаланилади. Киришиб кетадиган матоларни дазмоллашда зинҳор бу усулдан фойдаланиш мумкин эмас.
Агар бирор бир мато учун айнан қайси усул мос келишида иккиланаётган бўлсангиз, унинг тескари томонидан кичикроқ қисмини дазмоллаб кўринг.
Турли матоларни дазмоллаш йўллари
Турли-туман матолар дазмоллашнинг турли усуллари, намлаш даражаси ва турли ҳароратда ишлов беришни талаб этганлиги учун, дазмоллашдан аввал албатта унинг ёрлиғини ўқиб чиқинг.
Синтетик матоларни фақат илиқ дазмол билан, унинг алоҳида қисмлари учун нам докани қўллаган ҳолда дазмоллаш мумкин. Бундай матоларни астар қисмидан дазмоллаган маъқул.
Ипак матоларни дазмоллашдан аввал ярим соатча нам матога ўраб қўйиб намлантириш тавсия этилади. Ипакдан ишланган матога сув сепиш умуман мумкин эмас: акс ҳолда сув томчилари доғ ҳосил қилиши мумкин. Қора ипак матоларни юпқа мато ёрдамида тескари томонидан, оч ранглисини эса ўнг томонидан дазмоллаш керак.
Астарбоп газламалар (сатин, саржа, ипак) ялтироқлигини йўқотмаслиги ва сув сепишдан ҳосил бўладиган доғ қолдирмаслик учун тескари томонидан, намламасдан дазмол қилиш лозим.
Жун матолар тез ётиб қолади, шунинг учун улар нам мато ёрдамида тескари томонидан 150—165 даража ҳароратда эҳтиёткорлик билан дазмол қилинади.