Шарқона услубда интерьер


Шарқ нима билан ифодаланади? Эҳтимол, эртак, дабдаба ҳамда нозик ўйин-кулгу биландир... Агар хонадонингизда қулай дам олиш зонаси бўлишини истасангиз, шарқона услуб айни муддаодир. Аниқлик киритиш жоизки, шарқона услуб деганда, аввалам бор, араб услуби назарда тутилади. Айнан араб маданияти сабабли, интерьер дизайнига кўзни қувонтирадиган, танага ором берувчи предмет ҳамда матолар кириб келган. Шарқона услубдаги интерьер – бу гиламлар, ёстиқ ва пардалар, тилла ранг безаклар... Хуллас, кўтаринки кайфият муҳити! Хонани шундай услубда безаш учун нималардан бошлаш керак?


Хонани икки минтақага ажратинг

Хонангиз етарлича катта бўлса, уни иккига: овқатланиш ҳамда дам олиш минтақаларига ажратиш мумкин. Агар майдон сатҳи чегараланган бўлса, уларни бирлаштириш умкмин. Дам олиш минтақасини тартибга солиш жуда осон. Унинг марказий элементи – ёстиқлар билан тўлдирилган диван эканлиги муҳим! Диван қаршисига кичик стол қўйиб, устига мевалар билан тўлдирилган ваза қўйишингиз мумкин. шарқона услубдаги интерьер дивани учун асосий эътибор – бу қулайлик. Диван шойи ёки атлас матоси билан ўралган юмшоқ бўлиши зарур. Асосий қулайликни парча ҳамда духобадан тикилган ҳар хил ўлчамдаги ёстиқлар яратади.


Ранглар танлови

Шарқда маълум даражада чегараланган рангларни уйғунлаштириш қоидалари мавжуд. Хонанинг бундай услубда безатишда илиқ тусдаги рангларга ҳамда уларнинг уйғунлигига эътибор қаратинг. Булар фаоллик ҳамда хурсандчилилик ҳаёт рамзлари кабидир. Улар орзу қилишга, мақсад сари интилишга ҳамда кўзланган мақсадларни забт этишга чорлайди. Умуман олганда, шарқона услубдаги интерьер ёрқин ранглари ва жимжима нақшлари билан алоҳида ажралиб туради.

Асос ранг ўрнида, сариқ рангни танлаган маъқул. Зеро, ранглар спектри орасидабу ранг энг ёрқин ҳамда хурсандчилик рангидир саналади. Бу – қуёш энергияси ранги. Шарқда бу ранг ижодкорликка бўлган қадам билан ифодаланади.
Сариқ рангни танлар экансиз, бу ранг ёлғизликни хушламаслигини инобатга олинг. Бошқа илиқ ранглар билан уйғунликда бачкана кўринади, шарқона услубдаги хона эса тугалланмаганлик кайфиятини беради. Фақат бошқа тусдаги ранглар билан уйғунликдагина сариқ ранг ўзини тўлақонли намоён эта олади.

* Сариқ феруза ранг билан яхши уйғунлашади. Шунингдек, инсон кўзи кескинликни ёқтиришини унутманг. Бундай уйғунликни, шунингдек, эшик, чироқ ҳамда пардаларда ишлатиш мумкин.

* Шарқона интерьерда сариқнинг қизил билан уйғунлиги ҳам кўп учратилади, масалан, сариқ деворлар билан қизил парда. Бундай хона интерьери жуда жиддий кайфият бағишлайди. Бундай хона интерьерини ёрқин расм, декоратив безаклар, шкатулкалар билан бойитиш мумкин. Агар сиз учун ушбу ранглар уйғунлиги ҳаддар зиёд дадил кўринаётган бўлса, қаймоқранг ҳамда шафтоли ранглар билан интерьерни юмшатиш мумкин. Шарқона кайфиятни, шунингдек, сариқ-қизил палитрага сарғиш оқ ранг қўшиб яратиш мумкин.

* Сариқ рангга қардош ранг сабзи рангдир. Шундай экан, қўрқмай сабзи ранг ёстиқлар тикиб, шу рангдаги декоратив элементлардан фойдаланинг. Бироқ, бу рангдан ҳаддан зиёд кўп фойдаланиш ноқулайлик кайфиятини уйғотади, шунинг учун сабзи ранг деворлар, парда ва чойшаблардан қочинг. Хонадонда бу рангдан кенг фойдаланмаган маъқул, зеро сабзи ранг бошқа нақшларни “ютиб юборади”.

* Совуқ спектрдаги ранглардан чегара доирасида фойдалиш мақсадга мувофиқ. Бинобарин, араб давлати иссиқ ўлка бўлиб, шарқона услубдаги интерьер ҳам ғоят иссиқ тусларни ўз ичига олади.


Теглар: дизайн