Мева ва сабзавотларни тўғри музлатиш
- Муаллиф: Ashurova Baxora Muminovna
- Тоифа: Ошхона ва овқатланиш
- 2017-09-14 14:14:50
- 0
- 0
- 16430
Барчамизга маълумки, ёз фасли бу витаминларга бой бўлган мева-сабзавотлар
мавсуми ҳисобланади. Кўпчилик ушбу мавсумдан фойдаланиб, қишга ғамлама тайёрлаш
билан банд бўлишади. Вақтлари тиғиз бўлган бекаларимиз эса уларни қишда харид
қилишга мажбур бўлишади. Мева ва сабзавотларни қишда харид қилиш эса ёзга
нисбатан қимматга тушади. Организмимизга витамин ва фойдали микроэлементлар эса
йил бўйи керак. Вазиятдан чиқиш учун сизларга тайёр мева-сабзавотларни
музлатгичга сақлашни тавсия қиламиз. Маҳсулотларнинг фойдали жиҳатларини сақлаш
усули бу уларни музлатиш ҳисобланади.
Музлатилган сабзавот
ва резаворларни сақлаш афзалликлари:
- Узоқ сақланади. Маълумки, иситилган маҳсулотлар ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотади. Шунинг учун, бу ҳолда меваларни мураббо, сабзавотларни эса консерва кўринишида сақлаш яхши фикр эмас. Қишда ўзингизни витаминлар билан таъминлашни режалаштирган бўлсангиз, унда маҳсулотларни музлатинг. Ушбу жараён улардаги витамин ва микроэлементларни узоқ вақт давомида сақланишига ёрдам беради.
- Консервант, туз ва шакарсиз. Консерва тайёрлашда ҳамма вақт туз ва шакар каби қўшимчалар қўшилади. Буларнинг барчаси маҳсулотнинг фойдали жиҳатларини камайтиради. Маҳсулотларни музлатишда эса ҳеч қандай қўшимчалар қўшиш керак эмас.
Маҳсулотларни музлатишга тайёрлаш:
- Барча мева ва сабзавотларни музлатишдан олдин уларни яхшилаб ювинг. Муҳими қўзиқоринларга алоҳида аҳамият беринг.
- Энди сувини бутунлай тўкилишини кутинг. Бу кейинчалик музлатганда уларда ях бўлаклари ҳосил бўлмаслиги учун керак. Маҳсулотлар қуригандан кейин уларни қуруқ сочиққа теринг.
- Агарда сиз қишга петрушка билан укропни музлатишни истасангиз, яхшиси уларни майдалаб тўғралган ҳолда сақлаганингиз маъқул.
- Қўзиқоринларни қайнатиб ёки ўзини музлатишингиз мумкин. Агарда олдиндан қайнатмоқчи бўлсангиз, яхшилаб қуришини кутиб, кейин музлатинг.
Қайси идишда музлатган маъқул?
Музлатилган маҳсулотларни полиэтилен пакетларда сақлаган яхши. Бу музлатиш учун энг яхши ва қулай усул ҳисобланади. Айниқса музлатгичи катта бўлмаганлар учун жуда қулай. Бундай пакетларда турли хилдаги маҳсулотларни сақлаш мумкин.
Бундан ташқари озиқ-овқат учун махсус идишлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Шакли тез бузиладиган маҳсулотларни шунақа идишларда сақлаган маъқул. Идиш туфайли улар ўз шаклини узоқ вақт сақлаши мумкин. Музлатиш учун шиша ва металл идишлардан фойдаланмаслик маъқул. Сабаби улар паст ҳароратни яхши кўтармайди.