Миллион долларлик кўринишга эга бўлиш сири


Имидж бўйича маслаҳатчи Сильви ди Жусто билан ўзининг ташқи кўринишини муҳокама қилганида кўпчилик “менда бунинг учун пул йўқ”, деган гапни айтади. Сильви яхши кўриниш учун миллионер бўлиш шарт эмас, деб ҳисоблайди.

Қанча пул ишлаб топишингиз муҳим эмас – агар бирламчи вазифалар тўғри белгилаб олинса, куч ва ишонч аурасини яратиш мумкин, улар эса одатда бойлик белгилари, дея тасаввур этилади. Мазкур фирма ўз ташқи кўринишини яхшилашни мақсад қилган компания директорлари ва карьера пиллапояларидан илгарилашни кўзлаган профессионалларга маслаҳат беради. Унинг мижозлари орасида йирик корпорациялар — McKinsey, BMW ва Thomas Cook лар мавжуд.

Ди Жусто билан тайёрланган интервью ҳамда Вики Оливернинг “Миллионернинг столидаги китоб: миллионер бўлмасангизда, қандай қилиб унга ўхшаб кўриниш мумкин ” (The Millionaire's Handbook: How to Look and Act like a Millionaire, Even if You're Not) асари асосида тайёрланган маслаҳатларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Учдан бир қисми қоидаси” бўйича кийимингизга сармоя киритинг.

Ҳар бир эркак кишининг гардеробида камида битта яхши костюм, аёл кишида эса ҳеч бўлмаганда битта яхши жакет ва унга мос юбка ёки шим бўлиши керак. Ди Жустонинг фикрига кўра, буюмлар етарли даражада қиммат бўлиши керак – бу сизнинг яхши кўриниш учун ажратган инвестициянгиздир. У шундай дейди: “Мижозларим қанчалик кўп пул топгани сари кийимлари ҳам қимматлашиб боради ”.

Муҳими – буюм яхши сифатли бўлиши керак. У мазкур кийимларни дизайнерлар коллекциялари ва сайтлардан излаш кераклигини маслаҳат беради.

Оливер ўзининг “учдан бир қоидаси” ҳақидаги китобида шундай дейди: “Харид қилинаётган буюмлар миқдорини ⅓ гача камайтириш керак, уларнинг ҳар бирининг нархи уч баробар қиммат бўлиши лозим”. Шундай экан, кейинги сафар уч жуфт шим сотиб олманг, битта қимматини ҳарид қилиб, кийиб юринг.

Ҳар бир деталл – ҳатто смартфон ғилофини ҳам ўйланг.

Ди Жустонинг ёнига ёш йигит суҳбатга келди. У жуда яхши кўринишга эга эди, барча саволларга тўғри жавоб берди. Аммо суҳбат якунида у iPhoneнини олиб, календарга ёзувлар кирита бошлади. Ди Жустонинг кўзига ярқ этиб кўринган нарса унинг телефони ғилофи устидаги уятсиз гап эди. Бу эса бутун суҳбатни чиппакка чиқарди. Охир-оқибат уни ишга олишди, бироқ илк таассуротга путур етди.

Ди Жусто маслаҳат беради: “Агар ташқи кўринишингизга жиддий эътибор берадиган бўлсангиз ёдда тутинг, у нафақат костюм, балки деталларда ҳам намоён бўлади”. Унга сизнинг иш жойингиз, аксессуарлар ва ҳатто смартфон ғилофи ҳам киради. Услубингиз касбингиз билан боғлиқ бўлсин, бироқ ягона ноформал аксессуар бўлишига рухсат беринг. Маълумки, компания дресс-кодига қарамай, сиз ўз кийимингизни касбингизга қараб танлайсиз. Ди Жусто маслаҳат беради: нима қилиб бўлса ҳам бошқаларнинг фонида ажралиб туришга ҳаракат қилманг. Агар сиз молия соҳасида фаолият юритсангиз консерватив услубда кийининг, агар технологик соҳага алоқадор бўлсангиз, кийимингизда бироз неформалликка рухсат беринг. Яхши одат: компания раҳбарлари қандай кийинаётганига эътибор қаратинг ва улардан ўрнак олинг. Албатта, масхарабозларга ўхшаб ҳар доим бир хилда ва зерикарли кўриниш шарт эмас. Ди Жусто иш ҳолатига мос келувчи ва услубингизни ажратиб кўрсатувчи битта детални танлашни маслаҳат беради. Унинг мижозларидан бири – компания бош директори анъанавий тўқ рангдаги костюм кияди, бироқ унга ёрқин рангдаги кўйлак ва бетакрор бўйинбоғ танлайди.

Ёддингизда бўлсин “кундалик” дегани “пала-партиш дегани” эмас.

Сasual услубининг муаммоси шундан иборатки, “расмий” услубдан фарқли равишда уни аниқлаш бироз мушкул. Ди Жусто дейди: “Кўпчилик casual — нима кийиб олганингни аҳамияти йўқлигини англатади, деб ўйлайди”. Аслида casual бу кундалик деталлар қўшилган ишбилармон инсон образидир. Мисол учун, Барак Обама ишдан ташқари пайтда пижак ва бўйинбоғини ечади ва енгларини шимариб олади. Яна бошқа деталлар ҳам қўшиш мумкин, мисол учун шимни қоматга мос келадиган жинси билан алмаштириш мумкин, бироқ оддий иш услубидан ўта узоқлашиб кетиш ҳам ярамайди. Ди Жустонинг casual услуби учун мўлжалланган асосий қоидаси мана шундай: уни осонлик билан иш услубига айлантириш мумкин. Сиз кундалик услубда кийиниб, ўзингиз билан пиджак олишингиз мумкин. Агар муҳим учрашув бўлса, уни кийиб оласиз, ҳаммаси тайёр.

Атирни камроқ сепинг.

Ифор суҳбатдошни гапираётган нарсадан чалғитадиган даражада ўткир бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди Ди Жусто. У бу борада мана шундай фикр юритади: “Агар ўзингиз атирингиз ҳидини сезаётган бўлсангиз, демак ошириб юборибсиз”. Шуниси қизиқки, баъзи мамлакатларда бу қоидага амал қилинмайди, мисол учун Италия ва Францияда атирдан жуда кўп фойдаланиш нормал ҳолат ҳисобланади. Бироқ Россияда атир ифори бироз келиб турса кифоя.

Ташқи кўринишингизда бироз камчиликлар бўлса ҳам ўзингизга ишонинг.

Айнан ишонч туфайли инсонлар куч ва ҳокимият ҳиссини тарқатади. Муҳими – бу ишончни ўтмаслаштирмаслик. Пиджагингизда тушиб қолган тугмани кимдир сезиб қолиши тўғрисидаги хавотир ҳақиқатан ҳам сизга эътибор қилишга ундайди. Эрталаб тишларингиз сариқ, деган ҳаёлга борсангиз, ўзгалар ҳам шундай, деб ўйлай бошлаши эҳтимолдан ҳоли эмас. Қандай муаммо юзага келгани муҳим эмас, ҳавотирлангманг, уни бартараф этинг. Агар ўзингизга ишонмасангиз, сизга ҳеч ким ишонмайди.

Баландроқ кўринишга ҳаракат қилинг.

Оливер ёзади, “биз онгсиз равишда юқори етакчиларга интиламиз, чунки бўйни ҳокимият билан боғлаймиз”. Бироқ табиат сизни бундай имкониятдан бебаҳра қолдирган бўлса, баланд бўй иллюзиясини яратинг. Аёллар балетка ва кроссовкалар эмас, пошнали туфли кийиши мумкин, эркаклар эса бир хил рангдаги кийимни танлашлари лозим. Бўйи баланд бўлмаган кишиларга битта рангдаги қоматни ажратиб кўрсатувчи кийимлар ярашади.

Яхши уйқу соғлом кўринишга ёрдам беради.

Ва ниҳоят, уйқунинг аниқ жадвалига эга бўлишингиз лозим – айнан шу туфайли терингиз соғлом ва нур сочувчи кўринишга эга бўлади. Оливер бир неча кун мобайнида неча соат ухлаганингиз ишлаш қобилиятингизга қандай таъсир қилишини ўрганишингизни маслаҳат беради: “Уйқунинг идеал миқдорини аниқлаб олгач, унга дам олиш кунлари ҳам амал қилишга одатланинг. Ўзингизни битта вақтда ётиб, битта вақтда туришга ўргатинг”.

Манба: Xabardor.uz