Юз парвариши: тундан тонггача


Тонгда уйғонгач, кўз остидаги қора излар ҳамда юз рангининг хиралигини кўриб, кайфиятимиз тушади. Бундай кўнгилсизликларга барҳам беришни истайсизми? Унда бир неча оддий тавсияларимизга қулоқ тутинг.

Уйқу: қанча эмас, қачонлиги муҳим

Тонг саҳарлаб уйғониш бу уйқуга тўймаслик ёки уззукун ланж бўлиб юриш дегани эмас. Тонгда тетик бўлиб уйғониш учун эртароқ уйқуга ётинг.

Сўнгги тадқиқотларга кўра соат 23.00 дан 03.00 гача бўлган тўрт соатлик уйқу 2:00дан 8:00 гача бўлган олти соатлик уйқунинг ўрнини босаркан. Терининг тикланиши ҳам шу тариқа яхшиланади.Оқибатда тонгда кўз остидаги халтачаларни яширшига ҳожат қолмайди.

Ёстиқ «из» қолдирмасин

Пахта матоли чойшабларни сатин ёки ипаклигига ўзгартиринг. Негаки, бу юпқа ва силлиқ матолар ғижимланмайди. Демак, юмшоққина ёстиғингиз юз ва бўйнингизда ўз «излари»ни қолдирмайди. Бундай матолар сочларимизга ҳам хуш келади: кечқурун тараган сочларингиз пахмоқлашмайди, тарашга ҳам қийналмайсиз.

Аммо шуни инобатга олиш керакки, бу хусусиятлар фақатгина табиий матоларга тегишли. Сунъий ипаклар терига салбий таъсир этиши мумкин.

Оч қоринга ухламанг!

Биласиз-ку, қорин оч бўлганда, уйқу ҳам келавермайди. Бундай бўлмаслиги учун ухлашдан ярим соат аввал тамадди қилиб олинг. Бундай вазиятда сизга бир бўлак пишлоқ ёки олма қўл келади. Уларнинг таркибида уйқу гормони — мелатониннинг ишлаб чиқилишини жадаллаштирувчи моддалар мавжуд. Шу билан бирга калория ҳам етарлича. Агар ортиқча вазн йиғишни истамасангиз, миқдорини оширмаганингиз маъқул. Илиқ сут ёки шифобахш гиёҳли чойлар эса бошқа гап. Улар кам калорияли бўлса-да, одамни яхшигина тинчлантиради.

Кремни ухлашдан камида икки соат олдин суртинг

Ишдан келишингиз биланоқ юзингизни тозалаш ва озиқлантиришга одатланинг. Бармоғингизга нўхотдек миқдорда крем олиб, юзга суртинг. Кремни юздаги массаж чизиқлари бўйлаб буткул синггунича енгил шапатилаб тарқатинг. Агар бу муолажани ухлашдан олдин бажарсангиз, крем тўлиқ сингишга улгурмай, кўп қисми ёстиғингизда қолиб кетади. Боз устига шишган юз билан уйғонишингиз мумкин.

Ҳафтада бир пилинг муолажаси

Юз рангининг синиқлиги — навбатдаги бедор ўтган туннинг оқибати. Тонгда юзингиздан соғломлик ва тиниқлик уфуриб туриши учун кечки томон ювингандан сўнг теридаги нобуд бўлган тери ҳужайраларини пилинг ёрдамида тозалаш зарур. Бунинг учун таркибида мева кислоталари бўлган воситаларни танланг. Улар терини эҳтиёткорлик билан тозалаб, зиён етказмайди. Бундай муолажадан сўнг тунгги крем ҳам самаралироқ таъсир этади.

Кўз атрофидаги майин тери алоҳида парваришга муҳтож

Кўз атрофидаги тери жуда нозик бўлади. Унга алоҳида эътибор зарур. Махсус кремни фақатгина кўз остига суртасиз. Бунда чаккадан бурун томонга ва қош усти ёйи бўйлаб, яъни бурундан чакка томон ҳаракатланасиз. Агар уйқуга ётгунингизга қадар крем терига сингиб улгурмаган бўлса, ортиқча кремни, албатта, қоғоз салфеткага шимдириб олинг. Акс ҳолда, тонгги кўз шишишидан қочиб қутила олмайсиз.