Ҳўл норин

  • 2015-09-15 15:46:09
  • 0
  • 0
  • 8516

Масаллиқлар

  • кунгабоқар ёғи - 200-250 мл
  • ун - 300 гр
  • тухум - 1 дона
  • сув - 100 гр
  • туз - 15 гр
  • қази - 1 дона
  • от гўшти - 700 гр

Тайёрлаш усули

Ун, тухум, сув ва тузни аралаштириб, яхшилаб хамир қорилади ва 20-30 дақиқа тиндирилади. Сўнгра тиндирилган хамирни юпқа қилиб ёйиб, тахминан 15-20х20 см ҳажмда тўртбурчак шаклида кесилади. Озроқ туз ва ўсимлик ёғи қўшиб қайнатилган сувга, қайнаётган сув идишини ҳажмига қараб, 2-3 тадан хамир бўлакларини солиб пишириб олинади. Пишиб чиққач хамирларни човлида сузиб олиб, бир‑бирига ёпишиб қолмаслиги учун хамирни имкон борича тезроқ ёйиб қўйиш керак. Хамирларни яхши қуриши учун матонинг устига ёйиб қўйиш мақсадга мувофиқ. Хамир қўлга ёпишмайдиган тарзда қуригач, уларнинг бошқа тарафи қуриши учун ағдариб чиқиш лозим. Сўнгра қуриган хамир бўлакларини ҳар бирига ўсимлик ёғи суртиб, ясси идишга тахланади.

Ёғлаб тахланган хамир бўлакларини энига 4-5 смда тасма қилиб кесилади. 5-6 қаватли тасмани майин қилиб угра каби тўғралади. Нориннинг чиройи хамирнинг қанчалик майин тўғралганига боғлиқ. Одатда яхши қуримаса ёки хамир қатламлари орасини яхши ёғланмаса, тўғралган хамирлар бир‑бирига ёпишиб қолиши мумкин, шунинг учун қуриш ва ёғлашга алоҳида аҳамият беринг. Кераклича тузланган от гўштини қази билан 1-1:30 соат мобайнида милтиллатиб қайнатиб олинади ва гўшт билан қазини сузиб олиб совутишга олиб қўйинг, шўрвасини тўкиб юборишга шошилманг у бизга керак бўлади. Қайнатиб олинган гўштни ҳам майда қилиб тўғралади.

Энди тўғралган хамир ва гўшт ва ўсимлик ёғи қўшиб, таъбга кўра зирани янчиб ҳаммасини биргаликда аралаштирилади. Дастурхонга тортиқ қилишда косага тайёр бўлган норинни солинади. Сўнгра олиб қўйилган гўшт ва қази қайнатиб олинган шўрванинг тузи ростланиб, косадаги норин устига қуйилади. Устига паррак қилиб кесилган бир ёки икки дона қази билан дастурхонга тортилади. Таъбга кўра юпқа тўрғалган пиёзга қора мурч сепиб ҳўл норин билан тортиқ ҳам қилиш мумкин.


Теглар: суюқ овқат