Парвозингизни янада қулайроқ ўтказиш учун маслаҳатлар
- Муаллиф: Karimova Diyora Baxtiyor qizi
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2015-10-19 12:31:50
- 0
- 0
- 5396
Самолётда тез-тез парвоз қиласизми ва ҳар сафар парвоздан кейин ўзингизни лоҳас ҳис этасизми? Биз сиз учун парвоздан кейин ўзингизни тетик ҳис қилишингиз учун қуйидаги маслаҳатларни тавсия этамиз.
1. Ҳаракат қилиб туринг
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, уч ой ичида беш маротаба парвоз қилувчиларда қон томирларида тромблар пайдо бўлиш эҳтимоли худди шу давр мобайнида икки-уч марта парвоз қилганларга нисбатан уч марта кўпроқ экан. Ҳавода 12 соат парвоз қилганларда эса атиги тўрт соат парвоз қилганларга нисбатан тромблар ҳосил бўлиш эҳтимоли 70 марта кўпроқ экан.
Узоқ вақт давомида ҳаракатланмасдан ўтириш кислород етишмовчилиги — “гипоксия”ни келтириб чиқаради. Оқибатда қон тананинг пастки қисмида тўпланиб қолади ва тананинг юқори қисмигача етиб бормайди.
Бундай нохуш ҳолатнинг олдини олиш учун имконият борича ўриндан туриб, йўлакда ҳаракатланиш тавсия этилади.
2. Совуқ ва вируслардан эҳтиёт бўлинг
Самолёт ичида ҳаво бир соат ичида 20 марта янгиланади. Лекин ҳар қандай тоза ҳаво ҳам ёнингизда ўтирган бемор одамдан вирус юқишидан ёки совуқ қотишингиздан муҳофаза қила олмайди.
Шунинг учун парвозга тайёргарлик вақтида каттароқ шарф олишни унутманг. Зарурият туғилганда уни ўраб олишингиз мумкин. Ҳеч бўлмаганда ундан ёстиқ сифатида фойдалансангиз ҳам бўлади.
3. Кофеин истеъмол қилманг
Қаҳва таркибида кофеин мавжуд бўлган бошқа ичимликларни истеъмол қилманг. Бу, айниқса, тунги парвоз вақтида жуда муҳим аҳамиятга эга.
Кофеиннинг таъсири у истеъмол қилинганидан сўнг 2 соатдан 6 соатгача давом этади. Кофеин уйқу келишига тўсқинлик қилади, уйқусизлик эса кишини асабий ва ланж ҳолатга олиб келади.
4. Турбулентлик таъсири камроқ сезиладиган жойни танланг
Турбулентлик самолётнинг турли қисмларига турлича таъсир кўрсатади. Экспертларнинг таъкидлашларича, қанотлар устида ва самолёт оғирлик марказига яқин қисмлардаги жойларда турбулентлик таъсири камроқ сезилади ва аксинча, дум қисмида турбулентлик кучли бўлади.
5. Кўпроқ сув ичинг
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобларига қараганда, инсон учун суткалик сув истеъмол қилиш меъёри ҳар бир килограмм вазн учун 30 миллилитрга тенгдир. Самолётда намликнинг пастлиги ва қуруқ ҳаво бўлганлиги боис тери қуруқшаши ва йўтал пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун самолёт бортида сувни кўпроқ ичиш тавсия этилади. Шуни ҳам унутмангки, қаҳва, чой ва бошқа ичимликлар сийдик ҳайдаш хусусиятига эга бўлиб, организмнинг сувсизланишини кучайтиради.