ЎСМАЛАР ҚЎЙСАМ ЯРАШАР ҚОШИМГА…


Бугунги саҳифамиз дунёга ибоси, ҳусну малоҳати билан машҳур бўлган Шарқ аёлларининг пардоз борасида доимий ёрдамчилари, ҳам гўзаллик, ҳам саломатлик гарови бўлган табиий бўёқлар: хина, басма, ўсма ҳақида…

Хина ҳақида билган, билмаганларимиз…

Хина асли лавсония номли, Миср, Ҳиндистон ва Суданда ўсадиган ўсимлик баргларидан олинадиган бўёқ ҳисобланади. Минг йиллардан бери гўзал хонимларнинг севимли бўёғи бўлган хина Осиё давлатларида соч бўяш ва парваришлашда, атир тайёрлашда, Менди (танада турли нақшлар чизиш) санъатида фойдаланиб келинмоқда. Ҳайит кунлари ўзбек хотин-қизлари, келинчакларимиз ҳам ушбу бўёқ билан қўл ва оёқларига турли нақшлар бериши анъанага айланиб қолган.

Халқ табобатида…

Бу ўсимлик табобатда яралар, турли тери яллиғланишлари, бош ва суяклардаги оғриқларни тўх­татишда қўлланилган. Ҳофиз ал-Ҳайюм ёзишича, хина билан оғиз чайиш оғиз бўшлиғи касалликлари жумладан, стоматит, тил, лунж, лаб яраларида жуда фойдали экан. Агар шикастланган тирноққа хина ва сирка аралаштириб сурсангиз, уни мустаҳкамлаб, аввалги ҳолига қайтаради. Хинанинг ҳиди бош оғриғидан халос этиб, организмни куч-қувват билан тўлдирар экан.

Сочингиз соғ­лом бўлишини истайсизми?!

Хина сочдаги протеинлар билан киришиб, синувчан сочларни соғ­лом, қайишқоқ ва жилокор қилади.У юқори антибактериал хусусияти сабабли бош териси касалликлари (тошма, қазғоқ, қичиш) ни даволайди. Хина соч рангини мутлақ ўзгартира олмайди, балки унга бироз қизғишроқ ва миссимон ранг беради. Хина асосан жигарранг соч соҳибаларига мос тушади. Соч илдизларини мустаҳкамлаб, қу­­юқ­лаштирадиган дамлама: 2 стакан хина кукунини 1 л қайнаган сув­да дамланг. Со­вугач, тоза соч­лар­ни унда чайинг, бу дамламадан соч ранги хиралашганда ҳам фойдаланса бўлади.

Басма

Таркибида хина каби бош териси ва соч­ларга ижобий таъсир кўрсатадиган фойдали моддалар ва витаминлар мавжуд. Аммо бўёқ сифатида хинадан айри ҳолда фойдаланиш тавсия этилмайди. Бунда мос равишда 3:1 басма ва хина қўшилади. Оқарган сочларни икки бос­қичда аввал хина, сўнг басма билан бўяш лозим. Сочни жилокор, соғ­лом қиладиган басмали ниқоб: 1 ош қошиқдан ўсимлик ёғи, басма, какао, нордон сут,1 дона тухум сариғи, 6 шода чиннигул, 6 томчи ёғсимон А витамини. Барчасини аралаштириб тоза, нам сочларга сурамиз ва уч соатга ўраб қўямиз.

Ўсма

Хонимларнинг яна бир севимли бўёғи ўсма шарбати, бироз сўлитилган барглардан сиқиб, қош, киприк, қовоқларга безак бериш билан бирга уларни қалинлаштириб, тим қора қилади. Бундан ташқари, кўздаги турли инфекцияларни ўлдириб, уни равшанлаштиради. Ўсма қўйиш кўп мамлакатларда анъанага айланиб қолган. Масалан, уйғурларда янги туғилган қизалоқларга етти кунлик бўлгандан бошлаб, қошлари ўртасини бирлаштириб ўсма қўйишар экан. Бунда қизалоқ катта бўлгач, ота-онасига яқин жойга турмушга чиқсин деган маъно бор экан. Хал­қимизда ҳам азал-азалдан митти қизалоқлардан тортиб, момоларимизгача қошу кўзларига ўсма қўйиб ўзларига оро беришади.

Соч парваришида ҳам қўлласа бўладими?

Бунда асосан ўсма ёғидан фойдаланилади. Ўсма ёғи бўяш хусусиятига эга бўлмай, йўқотилган сочларни тиклаш, ўсиш жараёнини тезлаштириш мақсадида қўл­ланилади.

Соч тўкилишига қар­ши ўсмали ниқоб: 1/2 стакан нордон сутга 1-2 ош қошиқ ўсма шарбати қўшиб аралаштирамиз. Сочга суриб, полиэтилен пакет билан ўраймиз ва 30 дақиқага қолдирамиз.