ЛАБ БЎЁҒИ ҲУСННИ БУЗАДИМИ?
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2015-10-22 12:00:27
- 0
- 0
- 8334
Ҳар бир хоним кўчага отланар экан, албатта, кўзгу қаршисида юз-кўзини «тартибга келтириб» — пардоз қилиб олади. Мабодо пардозни хушламасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса лаб бўёғидан фойдаланишингиз табиий. Пардознинг асосий буюмларидан бири бўлган лаб бўёғини танлаётганда нималарга эътибор қаратасиз?
Лаб бўёғи: ёрқин — шафтоли, апельсин, қизғиш-сариқ; кўзга ташланмайдиган — пушти; нейтрал — сарғиш, малла ва тупроқнинг табиий рангига мос келувчи тусдаги рангларга бўлинади.
Туслар ўта ёрқин, ўртача ва тўқ тоифаларга ажратилади. Улардан бирини танлаётганингизда кўзларингиз, юз терингиз, сочлар ва тишларингиз ранги, лаблар ўлчами, ёшингиз ҳамда куннинг қайси пайти, чироқларни ҳисобга олишингиз зарур.
Кулранг кўз соҳибалари…
…тиниқ сарғиш ва олча, мовий кўзли гўзаллар эса сарғиш-пушти, гилос, кўзлари зумрадни акс эттирган хонимлар эса терракота (қизилнинг малла туси ва тупроқ ранги), қизғиш-апельсин тусдаги, жигарранг кўз соҳибалари малла, ёрқин қизғиш, оч пушти тусдаги лаб бўёқларини харид қилишлари мумкин.
Агар тери ранги
…қорамағиз бўлса, шоколад, вино, қизил, олча ранглари ва уларнинг кўзга ташланмайдиган туслари, оппоғойларга сарғиш, ёрқин қизғиш-сариқ, ёрқин пушти туслар мос келади. Нейтрал тоифадаги лаб бўёқлари ҳам ёрқин, ҳам одми рангдаги либосларга мос келади.
Лаблар ўлчами
Ёрқин рангли бўёқлар лабларни қалинроқ қилиб кўрсатади. Тўқ ранглари аксинча. Лабларингиз қалинроқ кўринишини истасангиз, унинг четларини айнан лаб бўёғи рангидаги қалам билан чизиш тавсия этилади. Лаб бўёғи косметик мўйқалам ёрдамида сурилади, лабнинг ўрта қисми эса суюқ, ялтироқ бўёқ билан ажратилади. Агар лабларингиз қалин бўлса, эътиборни тортмайдиган, оқшомлар учун эса ялтироқ лаб бўёғини танланг.
Сочлар
Малласоч, териси оқ ва кўзлари мовий рангли бўлган аёлларга пушти рангга яқин, олхўри рангли ва қизғиш тусли, кўзлари жигарранг, малласочларга пушти ва қизил ранг ярашади. Сариқ сочли хонимларга олхўри, малла, қизғиш ранглар мос. Тери ранги оч, кўзлари эса кулранг ёки мовий, қора сочли хонимлар классик алвон ёки оч бинафша рангга яқин тусни, қорамағиз, сочлари ҳам кўзлари каби тим қора хонимлар олча, шоколад, апельсин ва тўқ қизил рангли лаб бўёқларини танлашлари мумкин. Ўртача ёрқинликдаги лаб бўёқлари барчага бирдек мос келади.
Оппоқ тишлар ўз соҳибасига ранглар танловида эркинликни туҳфа қилади
Бунда фақат либос ва пардоз ранги ҳисобга олинса бас. Сарғайган ёки тилла тишлар эса эҳтиёткорликни талаб қилади: бинафша ва шунга яқин туслар, малла, тўқ-қизил ранглардан воз кечилгани маъқул. Сариққа мойил, ёрқин қизил, тиниқ пушти ранглар пардоз билан бирга ўзига хос уйғунлик касб этади.
Шунингдек…
Бўй қизлар ёрқин рангларни, ёш аёллар тўйинган рангларни (албатта, куннинг қайси пайтлигини ҳисобга олиб), катта ёшли аёллар эса тўқ рангларни танлаганлари маъқул. Кўзга ташланмайдиган ранглар ажинларни яширади.