Гулларни узоқ сақлашга ёрдам берадиган 10 маслаҳат
Ҳеч бир нарса янги узилган гуллар каби хонага ёқимли ифор ва тароват баҳш этолмайди. Мазкур мақолада уларни янги узилгандаги ҳолатини узоқроқ сақлаш бўйича 10 та маслаҳат билан танишишингиз мумкин.
Севимли инсондан атиргул, мухлисдан мойчечак гулдастаси, боғдан янги узилган саллагул ва лолани узоқ ва яхши ҳолда сақлашга ёрдам берувчи фойдали маслаҳатлар бор.
Улар билан танишамиз:
1. Фақат янги гулларни сотиб олинг
Агар атиргул харид қилаётган бўлсангиз, улар қанчалик янги узилганлигини текширинг. Буни поя тугаб, ғунча очиладиган жойини босиб кўриб амалга ошириш мумкин. Агар гулнинг бу қисми юмшоқ бўлса, демак атиргул эски бўлади. Агар қаттиқ бўлса, у ҳолда гул янги узилган.
2. Гулларни сувсиз қолдирманг
Сув гуллар ҳаётини қўллаб-қувватлайди. Гул қанчалик кўп муддат сувсиз қолса, у шунчалик кам сақланади. Шунинг учун гул сотиб олганингизда улар кўпроқ яшашини истасангиз, ушбу уч маслаҳатга қулоқ тутинг:
Гулдастани махсус сувли идишга солиб беришни илтимос қилинг.
Ўзингиз билан сув тўлдирилган идиш олинг ва гулни сотиб олишингиз билан унга солиб қўйинг.
Поянинг асосий қисмини нам қоғоз сочиққа ўраб олинг.
3.Чириган барг ва япроқчаларни олиб ташланг
Гулдондаги сув тоза ва соф ҳолда сақланиши учун барча ириган барг ва япроқчаларни олиб ташланг. Айниқса, сувнинг ичида турадиган поя қисмига аҳамият беринг.
Сувдаги барглар гуллар учун зарарли бўлган бактерияларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бундан ташқари, барглар сувга тушганида сув хиралашади ва ундан ёқимсиз чириган ҳид келади.
4. Пояларини тез-тез кесиб туринг
Гулларни сувга солишдан олдин поялар асосига диққат билан қаранг. Балки улардан баъзилари сўлиб қолгандир? Бундай жойларни кесиб ташлаш керак бўлади.
Гулни тахминан 3-5 см. га калталаштиринг. Буни оқиб турган сув остида амалга оширинг ёки пояни сув тўлдирилган идишга солинг. Бу ҳаво пуфакчалари ўсувчи тўқималарни тўсиб қўймаслиги ва гул томонидан сувнинг сўрилишига тўсқинлик қилмаслиги учун зарур. Гулни 45 градус бурчак остида кесиш керак, бу гулнинг сўрувчи майдонини оширади.
Гулни ҳар куни ёки кун ора 1 см. кесиб туриш - яхши фикр. Бу гулларга озиқ моддалар ва сув узлуксиз равишда етиб боришини таъминлайди.
5. Гулларни кесишда ўткир пичоқдан фойдаланинг
Қайчилар кўп ҳолларда пояни ўта қаттиқ сиқиб қўяди, бу эса тўқималарнинг, бу эса тўқималарнинг зарарланишига олиб келади. Шунинг учун бундай ҳолатда яхши чарҳланган пичоқдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Қалин поялар учун эса махсус боғ қайчисидан фойдаланиш керак.
6. Гулларни фақат тоза гулдонга солинг
Гулларни ҳар доим совун ва иссиқ сувда ювилган тоза гулдонга солиш ўта муҳим саналади. Бу гуллар учун зарарли бўлган барча микроорганизмларни ўлдиради.
7. Сувини тез-тез алмаштиринг
Баъзи гуллар пояси кесилганидан кейин ҳам ўсади. Мисол учун, анемонлар ҳар куни кўп сув ичиш ва ўсишда давом этади.
Юқоридаги гортензияларга эътиборингизни қаратинг. Улар бир суткада гулдондаги сувнинг тўртдан уч қисмини ичган.
Биз гулдонга водопроводдан келадиган сувни қуйишга одатланганмиз. Бунинг қўрқинчли жойи йўқ, бироқ гуллар ҳаётини узайтиришни истасангиз, гулдонга тузлардан тозаланган сув қуйинг. Уни жўмракдан келувчи сувни фильтрлаш орқали олиш мумкин.
8. Гулларга “овқат” беринг
Гуллар узиб олиши билан улар ердан озиқлантирувчи моддаларни олмайди. Агар улар ҳаётини узайтиришни истасак, бу ҳақида қайғуришимиз керак.
Ҳар қандай гул дўконидан янги узилган гулларни сақлаш учун махсус кукун сотиб олиш мумкин. Озиқлантирувчи кукунга бироз ош содасини (бир литр сувга ¾ кичикина қошиқчада) қўшиш мумкин. Бу сувни соф ва тоза ҳолда сақлашга ёрдам беради ва гуллар учун зарарли бўлган микроорганизмлар ва бактерияларнинг пайдо бўлиш жараёнини секинлаштиради.
Бироқ сода миқдорини ошириб юборманг.
9. Гулларга сув сепинг
Деярли барча гуллар намликни хуш кўради, шунинг учун уларга кунига 1-2 маҳал сув сепиб туриш керак.
10. Гулларни салқин жойда сақланг.
Гуллар салқин жойда узоқроқ сақланади. Уларни тунда ўша жойга олиб боринг ва уларни камин, батарея, иситиш мосламалари ва қуёш нурларидан узоқроқ бўлган жойларда сақланг.
Ҳарорат ҳам гуллар узилаётган вақтда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Агар буни ўзингиз амалга оширсангиз, бунинг учун ҳаво салқинроқ бўлган пайт – тонгни танланг.
Қўшимча маслаҳатлар
Юқоридаги рўйхатдан ўрин олмаган қўшимча маслаҳатлар ҳам бор. Улар ҳалққа тегишли маслаҳатлар бўлиб, шунинг учун уларни танишиб чиқиш мақсадида қўшимча қиляпмиз.
Сувга аспирин ёки сирка қўшиш орқали гуллар ҳаётини узайтириш мумкинлиги ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бироқ ундан-да қизиқ услуб бор - содали сув. Гулдонга газли сув қўшсангиз, гуллар икки ҳафтагача ҳам ўзининг чиройини йўқотмайди (буни қўллаб кўрганлар фикрига кўра). Ўзим синаб кўрмаганман. Агар бу усулни қўллаб кўрган бўлсангиз, фикрларингиз билан ўртоқлашинг.
Гулларни сақлашда гулдонга солиб қўйилган оддий мис тангалар ҳам ёрдам бериши мумкин. Мис оксидловчи модда вазифасини бажаради ва зарарли микроорганизмлар пайдо бўлишини секинлаштиради.
Лолалар учун яна бир маслаҳат. Поясини муздек сувга солиш ва ҳар куни эрталаб 1 см. га калталаштириб туриш гулларни узоқ сақлашга ёрдам беради.
Демак, сизга совға қилинган гулдасталарни узоқроқ сақлаш бўйича маслаҳатлар тўпламига эга бўлдингиз. Улар ёрдамида севган гулларингиз умрини узайтириш имконига эгасиз. Бу борада эришган ютуқларингизни биз билан бўлишишни унутманг!