Ёшингизга ёш қўшманг ёхуд тўғри макияж қилиш сирлари
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Мода ва услуб
- 2015-10-27 16:06:37
- 0
- 0
- 44465
Кўпгина аёллар пардоз қилаётганда кичик хатоларга йўл қўйишади. Бу камчиликлар уларнинг ёшини бир неча йилга «қаритиш»га қодир эканлигини эса хаёлларига ҳам келтиришмайди. Бунга йўл қўймаслик учун қуйидаги хатоларни такрорламанг!
1-хато. Қалин крем қаватидан иборат «ниқоб» ҳали ҳеч кимни гўзал қилган эмас. Лекин ёшга ёш қўшиши тайин. Шу боис тонал кремни чалпиллатиб, қават-қават суртишдан йироқ бўлинг. Пардоз қилаётганда намлантирувчи тонал кремлардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.
2-хато. Ўз терингиз рангидан оч тусли «тон»дан воз кечинг. Юздаги пигмент доғлари, қора тешикчалар, кўриниб турган томирларни «оппоқ ниқоб» остига яширишга уринманг. Табиийликни хоҳласангиз, тонал крем ва упанинг терингиз рангидан тўқроғини танланг.
3-хато. Упадан фойдаланганда ҳам меъёрни сақлаш лозим. Упа момиғини юзингизга енгил бостиринг, шунда ялтироқ тусни йўқотган бўласиз ва юзингизнинг тиниқлигига эришасиз. Билсангиз агар, юзнинг ялтираб туриши сизни ёшартириб, ўзгалар нигоҳини теридаги ажин ва бошқа нуқсонлардан «чалғитиш»га ёрдам беради. Упа суртилган юз териси қуруқлашган ва шўралагандек кўриниш беради. Суратга тушаётган бўлсангиз, упани обдон суртишингиз мумкин.
4-хато. Қизил югурган ёноқлар аёл ҳуснига ҳусн қўшади. Аммо айрим хотин-қизлар бу борада чегарадан чиқиб кетишади. Жигар, тўқ пушти, қип-қизил румяналарни «чаплаб», масхарабозга ўхшаб қолаётганлигини тасаввур ҳам қилишолмайди. Бундай туслар юзга хўмрайганлик, бадқовоқлик ҳиссини беради. Бунда нигоҳ ҳам оғирдек туюлади. Оч пушти, шафтоли ранг румяна танласангиз, асло адашмайсиз.
5-хато. Ҳаддан зиёд оч ва тўқ рангли лаб бўёғини ҳам четга суриб қўйинг. Табиий рангларни танлашга ҳаракат қилинг. Бунда жилосиз ва ялтироқ лаб бўёғи бирдек тўғри келади.
6-хато. Узун қайрилма киприкларга эга бўлиш учун тушдан фойдаланамиз. Бу яхши, лекин ҳар қанча гўзал бўлишга уринманг, пастки киприкларни бўяшни маслаҳат бермаймиз. Бўялган пастки киприклар кўз остидаги халтачаларни яққол кўрсатибгина қолмай, ёшингизга камида 5 йил қўшиши турган гап.
7-хато. Қошни қоп-қора қилиб бўяш ҳам аёлни «қаритади». Агар табиат сизни қуюқ қошлар билан «сийламаган» бўлса, енгилгина тень суриб қўйсангиз кифоя.
Хулоса ўрнида пардоз-андознинг киши характерига боғлиқ жиҳатини айтиб ўтсак. Тўғри макияж аёлни гўзал қилибгина қолмай, унинг феъл-атворидан дарак берар экан. Ҳаддан зиёд кўп бўянадиган аёлларда ўзига ишонч камроқ бўларкан. Фақат кўзларини бўяйдиган аёллар эътиборли, меҳрибон ва ақлли бўлишади. Пардоз-андоз қилаётганда урғуни лабларига берадиган аёллар бошқалардан гапга чечанлиги, киришимлиги ва таъсирчанлиги билан ажралиб тураркан.
Лекин умуман бўянмай юриш ҳам нотўғри, руҳшуносларнинг айтишича, бу аёллик, назокатлиликдан йироқ бўлиш экан. Агар пардоз-андоз меъёрида бўлса, бу ҳуснингизга ҳусн қўшади.