Табиатнинг ўзи табиб


Тиббиёт ходимлари қишда, албатта, ейилиши лозим бўлган ҳўл мевалар ҳақида маълумот беришди. Қуйида келтирилган дармондори манбаларининг касалликлардан сақланиш ва иммунитетни оширишдаги ўрни беқиёсдир.

1. Хурмо

Унинг тўқ сариқ ранги таркибидаги кўп миқдордаги бета-каротиндан дарак бериб турибди. Бу модда А витамини ҳосиласи бўлиб, кўриш қобилиятини яхшилайди, ўпка ва бронхлардаги ҳужайралар ишини фаоллаштиради.

Йўтални юмшатиш учун хурмоли сутли коктейл (блендерга бир стакан сут ва тозаланган хурмони солиб аралаштирилади) истеъмол қилинг.

Шунингдек, хурмо никотин кислотаси (РР витамини)га бой бўлиб, у чарчоқни йўқотади, депрессияга қарши курашувчи табиий гармон серотонин ишлаб чиқарилишида иштирок этади.

Ундаги ўсимлик шакари юрак учун кони фойда бўлиб, қоматга ёмон таъсир кўрсатмайди. Мюнхен университети олимлари ҳар куни 1-2 дона хурмо ейиш гипертониянинг бошланғич палласида ҳеч қандай дори-дармонсиз қон босимини меъёрлаштиришини таъкидлашмоқда.

2. Қишки олмалар

Совуққа чидамли олма ва лимон кислотаси модда алмашинувига таъсир кўрсатади. Совуқ кунлари эрталаб бир бўлак антоновка (олма нави) солинган чой ичилса, организм тезроқ уйғонади. Бу олма меъда ва ичак фаолиятини ҳам яхшилайди.

Қишки олмалар таркибида кўп миқдорда йод ҳам сақланади. 5-6 олма меваси бу элементга бўлган кунлик заруратни қоплайди. Совуққа нисбатан сезувчанлик ошиши қалқонсимон без фаолиятида муаммолар борлиги, мана шу микроэлемент етишмаётганининг аломатидир.

Антоновка қишки витаминлар етишмаслиги (авитаминоз)да ҳам қўлланилади. Қаҳратонда бошқа мева ва сабзавотларда витаминлар кўрсаткичи 30-40 фоизгача тушиб кетганда ҳам, мазкур олма нави С витаминининг 90 фоизини сақлайди.

3. Анор

Кунига битта анор ейиш ёки бир стакан анор шарбатини ичиш инфекцион касалликлардан кейин қонни тозалашнинг энг аъло усули ҳисобланади. У ўзида қизил қон таначалари — эритроцитлар ишлаб чиқарилишини стимуллаштирувчи ферментларни сақлайди.

Анорнинг тиш қамаштирар таъми бронхит ва пневмония пайтидаги ортиқча намликнинг йўқолишига хизмат қилади. Шунингдек, меъда ости безлари ишига ҳам кўшмаклашади.

4. Грейпфрут

Бу цитрус мева декабрда пишиб етилади ва уни ёз ўрталаригача сақласа бўлади. Иммунологлар қишда ҳар куни битта грейпфрутнинг ярмини шамоллаш инфекциялари профилактикаси йўлида истеъмол қилишни тавсия этишади. Грейпфрут сийдик ҳайдовчи хусусиятга эга. Артериал босимни туширишга ёрдам беради. Гипертонияда овқатдан 20-30 дақиқа олдин ¼ стакан грейпфрут шарбатини ичиш лозим. Шунинг баробарида, бу мева бромелин моддасини ҳам мужассамлаштирган бўлиб, у ёғларни парчалашга кўмак беради.

Транспортда беҳузур бўласизми? Унда аптекадан грейпфрутнинг эфир ёғини сотиб олинг. У нафасни енгиллаштириб, кўнгил айниши ва бош айланишини қолдиради.

5. Клюква

Агар сизни совуқ урган бўлса, ботқоқликнинг ушбу резавор мевасидаги С витамини сизга даво бўлади. Шунингдек, олимлар клюква кислотаси E. Coli синфи микробларга қарши антибиотик сифатида ҳаракат қилишини ҳам аниқлашган. Маълумки бу гуруҳ бактериялари жигар яллиғланиши, сийдик пуфаги, инфекцион гастроэнтеритни чақиради.


Теглар: саломатлик