Қон босимининг ошиши касаллик белгилари ва даво усуллари
- Муаллиф: Malika
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2015-11-25 17:50:44
- 0
- 0
- 71517
Орамизда шундай инсонлар борки, улар доимо қон босимининг ортишидан ёки тушишидан азият чекишади. Тиббиётда хафақон касаллиги деб юритиладиган ушбу хасталикнинг келиб чиқиши, давоси ҳақида сўз юритамиз.
Фактлар, рақамлар…
* Юртимиз аҳолисининг катта ёшли фуқаролари орасида 40 % изида артериал қон босимининг юқорилиги аниқланади;
* Ушбу 40 % инсонлардан ўзларидаги артериал қон босимининг юқорилигини 37% эркаклар ва 58% аёллар билишади.
* Улардан эса 22% эркаклар ва 46% аёллар даволанишади.
* Мунтазам равишда артериал қон босимини 5,7% эркаклар ва 17,5% аёлларгина ўлчаб туришади.
Маълумот ўрнида…
Артериал гипертония касаллиги сурункали касаллик бўлиб, артериал қон босимининг 139 (систолик) мм.сим.уст — 89 мм (диастолик)сим.уст.дан баланд бўлишидир. Организмдаги умумий қон ҳажми тана вазнининг 6–8%ни ташкил қилади. Масалан: 75 килограмм вазнга эга бўлган одамларнинг қон ҳажми 4,5 – 6 литрга тенг. Шу тариқа юрак қисқарганда қон қон — томир деворлари бўйлаб ҳаракатланади. Қоннинг қон-томир деворларига урилиши артериал қон босимини ҳосил қилади.
Хафақон касаллиги белгилари
Одатда, бу муаммодан азият чеккан инсонларда касаллик бошида ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилмайди. Айрим ҳолларда ҳолсизлик, бош оғриқ кузатилиши мумкин. Кейинчалик эса қуйидаги белгилар келиб чиқади:
- Бош оғриқ — одатда куннинг исталган вақтида келиб чиқади. Бош оғриқ аввал энса соҳасида аниқланиб, сўнгра бош мияни тўлиқ қамраб олиши мумкин. Одатда бош оғриқ йўталганда, бошни эгганда, зўриққанда кучаяди.
- Юрак соҳасидаги оғриқлар-тинчликда ёки зўриқиш натижасида келиб чиқади. Жисмоний зўриқишлар оғриқнинг кучайишига олиб келмайди. Узоқ давом этиши мумкин.
- Ҳансираш-касаллик бошида жисмоний зўриқишлар натижасида келиб чиқади. Сўнгра тинчликда ҳам кузатилади.
- Оёқлардаги шишлар;
- Кўришнинг бузилиши.
Хавфли гуруҳдагилар
Наслий омиллар — яқинлари орасида шу касалликка чалинган инсонлар бўлиши;
Эркак жинси — аёлларга нисбатан эркакларда бу касаллик кўпроқ учрайди. Чунки аёллар қонидаги эстероген гормонлари гипертония касаллиги ривожланишига тўсқинлик қилади. Бироқ аёлларда менопауза бошланиши билан уларнинг қонида эстерогенлар миқдори камайиб кетади. Натижада гипертония касаллигига чалиниш хавфи ортади;
Тана вазнининг ортиши;
Камҳаракатлилик;
Спиртли ичимликлар қабул қилиш;
Рационда туз миқдорининг кўп бўлиши-кунлик туз миқдори 4,5 граммдан ошмаслиги лозим.
Номувофиқ баланслаштирилган озиқланиш — рационда ҳайвон ёғлари, чўчқа ва қўй гўшти кўп бўлиши;
Чекиш -тамаки таркибидаги никотин артериал қон-томирларига салбий таъсир қилади;
Стресслар;
Ухлаганда хуррак отиш;
Эркакларнинг ёши 55 ёшдан, аёллар ёшининг 65 ёшдан катта бўлиши хафақон касаллигига мойилликнинг ортишига олиб келади;
Қонда холестерин миқдорининг ортиши;
Қандли диабет касаллигига чалинганлар.
Хафақон касаллиги
асоратлари
- гипертоник кризлар;
- геморрагик ёки ишемик инсультлар;
- миокард инфаркти;
- нефросклероз;
- юрак етишмовчилиги.
Касаллик
сабаблари
- Буйраклар касаллиги (гломерулонефрит) ;
- Коарктация – аорта қон томирининг торайиши;
- Феохромоцитома (буйрак усти бези саратон касаллиги).
- Тиреотоксикоз (қалқонсимон без фаолиятининг ошиб кетиши).
- Кунига 60 мл.дан кўп спиртли ичимликларни қабул қилиш;
- Дори воситаларининг ножўя таъсири- гормонал препаратлар (контрацептив воситалар), антидепрессантлар, кокаин ва б.
Касаллик давоси
- чекишдан воз кечиш;
- тана вазнини меъёрлаштириш;
- жисмоний фаолликни кучайтириш.
Қуйидаги ҳолларда
зудлик билан «Тез
ёрдам»га мурожаат этинг:
- Тўш ортида кучли оғриқлар кузатилса;
- Ҳансирашнинг кучайиб бориши, айниқса горизонтал ҳолатда ҳансирашнинг жуда ҳам кучайиши;
- Бош айланиши, кўнгил айниши, қусиш, нутқнинг, ҳаракатнинг бузилиши;
- Кўриш қобилиятининг пасайиши, кўришнинг иккиланиши;
- Қон босимидаги фарқ, яъни систолик ва диастолик босим орасидаги фарқнинг қисқариб бориши.
Артериал қон босимини тўғри аниқлаш тартиби
Артериал қон босими овқатлангандан сўнг 1-2 соат ўтгач ўлчанади.
Бунда бир соат давомида қаҳва ичиш ёки чекиш ман этилади.
Қон босими ўлчанаётган вақтда бемор устида сиқиб турадиган кийимлар бўлмаслиги, қўл бўшатилган бўлиши, бемор гапирмаслиги, хона тинч бўлиши лозим.
Қон босими ўлчанишидан олдин дори воситаларини қабул қилмаслик лозим. Жумладан, кўзга ва бурунга томизиладиган дорилар ҳам қабул қилинмайди.
Артериал қон босими бир марта ўлчанмайди. Икки марта 3 дақиқалик интервал билан ўлчанади.
Қон босими аввал ўнг қўлда, сўнг чап қўлда ўлчанади.
Артериал қон босими ўлчанишидан олдин беморда руҳий ёки жисмоний зўриқиш кузатилган бўлса, 30 дақиқалик дам берилади.
Бемор кўчадан кириб келган бўлса ҳам дам олиш учун вақт берилади.