Дунёдаги энг тотли тухумли таомлар


Тухум азал-азалдан инсонлар учун энг севимли ва ўзида фойдали витаминларни мужассам этган маҳсулотлар сирасига киради. Тўйимлилиги ва таркибидаги аминокислоталар борлиги, фойдалилиги жиҳатдан гўшт билан бемалол рақобатлаша олади.

Инсонлар ҳаттоки "одам" дея аталмаган "неандертал" ва "австролопитек" даврларида ҳам тухумни истеъмол қилганига нима дейсиз? Ҳайратланарлиси, инсоният ҳали олов нималигини билмаган бир даврда ҳам тухумларни жуда яхши кўришган. Замонлар, йиллар ўтса ҳамки, тухум маҳсулоти бугунги кунда ҳамма учун севимлидир. Бундан ташқари айрим мамлакатларнинг миллий таомларини тухумсиз тасаввур этиб бўлмайди. Биз бугун айнан ана шундай таомлар ҳақида сўз юритамиз. Тақдим этмоқчи бўлган таомлар рўйхатимизда Исроил шакшукидан тортиб, Норвегия қуймоғигача бор.

1. Шакшука

Ушбу таомда пиёз, кўшимча зираворлар, аччиқ қалампир ва тухум, помидор қайласида қовурилиб, тайёрланади. Бу таомни исроилликлар яна бошқа турли кўринишларда ҳам пиширишади. Шакшука таоми исроилликлар учун помидор ва тухумни қовурилганидан сўнг ҳам витаминларини ўзида сақлаб қолиши билан севимлидир. Ушбу таом Шимолий Африкада пайдо бўлган бўлса-да, унинг асл тайёрланиш сири иуда маконларига бориб тарқалади.

Шакшука нонушта ва тушлик вақтида кўп истеъмол қилинади, кечки дастурхонда эса камдан-кам учратамиз. Юқорида айтиб ўтилганидек шакшуканинг тайёрланиш усуллари турли хил. Аммо асосий таркиб ва масаллиқлар ўзгармайди. Яъни, тухум, қизил қалампир махсус қайлада қовурилади.

2. Фриттата

Фриттата таоми Италия ошхонасига мансуб бўлиб, пишлоқ бўлаклари, мевалар, колбаса ёки гўшт билан биргаликда газ печида пиширилади. Ушбу таомни яна макарон билан ҳам тайёрлаш мумкин. Миллий фриттатани пиширишда италияликлар кўк пиёз ва пишлоқдан фойдаланишади. Фриттата таркибига қўшимча маҳсулотлар қўшилмайди. Ҳаттоки помидорни таомга солишдан олдин, аввало, териси артилиб, уруғларидан тозаланади ва қуруқ жойда 15-20 дақиқа қўйиб қўйилади. Ана ундан сўнг таом учун фойдаланса бўлади. Фриттата икки қулоқли товада, паст оловда, узоқ муддат давомида пиширилади. Биринчи това ёғланиб, унга тухум чақилади, сўнгра қолган масаллиқлар бирин-кетин солинади. Таомнинг пастки қатлами қизара бошлагач, това оғзи беркилади ва фриттата тайёр бўлгунга қадар очилмайди. Ёки това бирдан оловдан олиниб, газ печида пиширилади.

3. Пашот

Тухум-пашот французларнинг миллий овқати бўлиб, ўз номи билан "пашот" усулида, яъни тухум пўстидан ажратилган ҳолда, иссиқ сувда тайёрланади. Қарабсизки, ўз оқига ўралган тухум, юмшоқ сариқ рангли кўринишда ажойиб тансиқ таомга айланади. Энг муҳими тухумлар янги, сув эса узоқ қайнамаган бўлиши лозим.

Кўпчилик тухум-пашот ва бенедектли тухумни адаштиришади, улар кўринишидан бир-бирини эслатса-да, тайёрланиш усуллари ҳар хил ва бу таомлар бошқа-бошқа таомлардир. Бундан ташқари пашотни креолли-тухум-пашот кўриниши хам бўлиб, кўпчилик ошпазлар уни шўрва ёки суюқ таомларга солишади. "Тухум пашот" қовурилган помидор, сасиска ва устига сепилган пишлоқ билан қасур-қусур кўринишга келади.

4. Орсини

Орсини ноодатий таом бўлишига қарамай, тайёрланиши учун узоқ меҳнат талаб этадиган тухумли овқатдир. Тухум оқидан ажратилиб, махсус тўнкага ўхшаган идишга солинади ва газ печида пиширилади, охирида тухум сариғи ва сариёғ солинади. Орсини пишлоқ ва турли сабзавотлар билан бирга дастурхонга тортиладиган Италия ошхонасининг яхна таомларидандир.

5. Кокот

Тухум - кокот таркибида гўшт, сабзавотлар, дудланган гўшт, қўзиқорин солиниб, киши бошига қараб пиширилади. Аввало, масаллиқлар бир текис қилиб товага терилади, сўнгра устига тухум чақилади. Кокотни газ печида пишириш, товада қовуриш ёки буғда димлаб дастурхонга тортиш мумкин.

6. Норвегча қуймоқ

Одатий қуймоқ билан Норвегия қуймоғини фарқи бор. Норвегча қуймоқ таркибида тузланган балиқ ва ним пиширилган пиёз ва тухум билан пиширилиши билан алоҳида аҳамиятга эга. Скандинавларнинг нонушта дастурхонида, албатта, тухумли балиқ бўлади.

7. Тортилья

"Tortilya de patata" - испанча қуймоқ, картошкали қуймоқ, ушбу таомлар испан ошхонасининг энг тотли таомларидандир. Афсоналарга кўра ушбу таом муаллифи генерал Томас Сулакарреги бўлиб, Бильбао қамали вақтида озиқ-овқат танқислигини енгиш учун тез ва осон таом сифатида ўйлаб топган. Бошқа ривоятларга кўра эса тортильяни Наваррлик бир уй бекаси юқорида тилга олинган генерал хонадонига меҳмон бўлиб келганда пиширган экан. Аёл жуда оддийлиги учун унинг уйида тухум, картошка ва пиёздан бошқа ҳеч қандай масаллиқ топилмагач, тортильяни ўйлаб топган. Аммо у тайёрланган таом генералга жуда манзур бўлади ва генерал ҳарбий ошпазларга ушбу таомнинг тайёрланиш усулини ўргатади.

8. Huevos rancheros

"Huevos rancheros" Мексика тилидан олинган сўз бўлиб – "тухумдан тайёрланган таом", деган маънони билдиради. Ушбу таом Мексика тухуми, қизил қалампир, ловия ва ўткир қайла билан тайёрланиб, зоғора нон билан танаввул қилинади.

9. Тамагояки

Ушбу таом Японларнинг энг севимли қуймоқли овқати бўлиб, кунчиқар мамлакатнинг миллий таомидир. Ушбу таомнинг тайёрланиш усули қуйидагича: шўрвага шакар, соя соуси, туз ва бошқа зираворлар солиниб, аралашма яхшилаб қовурилади ва узоқ муддат аралаштирилади. Қарабсизки, таом тайёр. Ушбу қуймоқни яна турли ўрама шаклларда хам пишириш мумкин.

Сизга тақдим этган таомларимизнинг барчаси тухумдан тайёрланади ва уни уй шароитида бемалол пиширишингиз, оилавий нонушта дастурхонингизни безашингиз мумкин.