Писта соғлик ва гўзаллик учун қандай фойдали хусусиятларга эга?


Писта эрамиздан олдинги асрларда ҳам истеъмол қилинган. Улар бойлик ва фаровонлик рамзи ҳисобланган. Пистанинг фойдали хусусиятлари ҳозирги кунда ҳам соғлик ва гўзаллик учун қўлланилади.

Писта антиоксидантлар, фойдали ёғлар манбасидир. Шунингдек, унинг таркибида озуқавий толалар, оқсил, калций ва фосфор, асабларни тинчлантирувчи Б витаминлар гуруҳи ҳамда Е витамини мавжуд.

Пистанинг фойдали хусусиятлари

Юрак соғломлигини таъминлайди

Писта зарарли холестерин миқдорини камайтиради. Шунингдек, унинг антиоксидантларга бойлиги, таркибида А ва Е витаминларга эга эканлиги яллиғланишнинг олдини олиб, қон томирларини ҳимоя қилади, шу тариқа юрак-қон томирлари хасталикларига чалиниш хавфини камайтиради.

Асабларни тинчлантиради

Писта таркибидаги Б6 витамини асаб тизимининг тўғри ишлашида муҳим рол ўйнайди. Б6 витамини асаб толалари ўртасидаги импульсларнинг тўғри етказилишини таъминловчи миелиннинг шаклланишида бош ролни бажаради. Шунинг учун Б6 витаминининг етишмовчилиги турли асаб бузилишлари, уйқусизлик, хотира билан боғлиқ муаммолар, ҳаттоки, руҳий бузилишларга ҳам олиб келади.

pista 1

Кўз учун фойдали

Писта лютеин ва зеаксантинга эга. Улар кўз гавҳари ва тўр пардасининг марказий қисмида тўпланиб, уларнинг ҳимоя қобиғини мустаҳкамлайди ва кўз касалликларидан ҳимоя қилади. Инсон организми ўзи лютеин ва зеаксантин ишлаб чиқара олмайди, шунинг учун рационимизда уларнинг зарур миқдорини таъминлаш лозим.

Иммун тизимини мустаҳкамлайди

Пистани мунтазам истеъмол қилиш организмнинг ташқи таъсирларга қаршилигини ошириши исботланган. Унда иммун тизими фаолияти учун муҳим саналган фолий кислотаси, биотин, рибофлавин, ниацин витаминлари ҳамда фосфор, калий ва магний каби минераллар мавжуд.

Терини ёшартириш хусусиятига эга

Писта Е витаминининг бой манбаси саналади. Мазкур витамин эса соғлом тери учун энг муҳим витаминлардан бири ҳисобланади. У терининг қуриши ва қариликда пайдо бўлувчи доғларнинг олдини олади. Ёз ойларида уни кўпроқ истеъмол қилиш зарур.

Моддалар алмашинувини яхшилайди

Писта таркибида бошқа ёнғоқ турларида бўлгани каби кўп ёғ мавжуд. Улар ўсимлик ёғи бўлишига қарамасдан, уларни истеъмол қилишда ҳам меъёрдан ошириш ярамайди. Озуқавий толалари ҳисобига писта озишда ёрдам беради. У организмни узоқ вақт давомида тўқ тутади. Тўйинмаган ёғ кислоталари эса моддалар алмашинувини тартибга солади ва организмда ортиқча ёғ тўпланишининг олдини олади.

Камқонликда фойдали

Писта таркибида кўп миқдорда темир моддаси мавжуд. Шунинг учун уни камқонликда истеъмол қилиш тавсия этилади.