Дангасага тавсиялар
- Муаллиф: Karimova Diyora Baxtiyor qizi
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2016-04-22 10:19:52
- 0
- 0
- 7603
Мен семиз, дангаса ва лоқайд бир нусхага айланиб улгурганимда атиги 35 ёшда эдим. Нафасим қисадиган, юрагим ҳам тез-тез безовта қилиб турадиган бўлди. Бўғинларим бесабаб оғриб қоларди. Учинчи қаватдаги уйимга чиққунча ҳансираб қоладиган аҳволга тушдим. Шунча сабаб ҳам мени “уйғотолмаётган” эди.
Кунларнинг бирида, аниқроғи ўтган йилнинг баҳорида оғайниларим билан йиғилдик. Кимдир роса суратга олган экан, ўша суратлардан менгаям беришди. Фотосуратларга қараб туриб, кайфиятим бузилди. Уларда менинг ўрнимда қандайдир ёғ босган, қорни хунук осилган бир кимса қараб турар эди. Хуллас, сув бўйида туширилган ана шу сурат менга жуда қаттиқ таъсир қилди.
Наҳотки энди умримнинг охиригача мана шу “шакл-шамойилга” тоқат қилишим керак? Бу аҳволда қирққа етмай жиддий хасталикларни орттиришим аниқ.
Бу муаммоми? Ҳа, бу мен ва тенгдошларимнинг кўпчилигини ўйлантираётган муаммо.
Мен ҳалиям кеч эмаслигини, аммо пайсалга солсам аниқ кеч бўлишини тушуниб турардим. Олдимга мақсад қўйдим: Бу муаммога ечим топаман!
Биринчи қилган ишим, ўзимга четдан назар ташладим. Ташқи кўринишим, юмшоқ қилиб айтганда, ҳавас қиларли эмас эди. (Афсуски, бизда ҳалиям кўпчилик семириш ва қорин қўйишга оддий ҳол, ҳатто ижобий ҳол сифатида қарайди). Бир пайтлар тренажер залларидаги соатлаб машғулотлар натижасида шакллантирилган мушаклар осилиб кетган, танамнинг бесўнақай йўғонлашганидан кийимлар таранглашган… Ўзим эса бўрдоқига боқилган жонивордай бесўнақай, лоқайд бир нусхага айланган эдим. Ғайрат-шижоат, ўзимга бўлган ишонч қаергадир йўқолган эди.
Атрофимга қарадим. Столим усти, жавонларим кераксиз, кўриб чиқишга ҳеч қачон вақтим етмайдиган қоғозлар тахламига тўла.
Ҳаммасини бошидан бошлашим керак!
Ҳали спорт билан шуғулланиш ҳақида гапиришимга эрта эди. Ҳозирча елкамга юк бўлиб босиб турган, йиллар давомида йиғилиб кетган чала қолган ишларни якунига етказишим керак. Ёки улардан воз кечишим керак. Шундай қилдим. Афсусланмадим.
Сўнг кўчага чиқдим. Атрофга қарасам, ҳаёт қайнаяпти. Тоза ҳавода узоқ сайр қилдим. Бир донаям сигарет чекмадим. Ўзгаришни сездим. Негадир, одатдагидай уйимдаги юмшоқ диван, телевизор ёки компьютер ўзига тортмади. Мен узоқ маҳкумликдан сўнг озод бўлган одамдай эдим.
Уйга қайтиб, бир пайтлар менга қадрдон бўлган машқларни бажаришга киришдим.
Ўша куни тиниқиб ухладим. Бомдоддан сўнг, эрталабки бадантарбияни бажардим. Совуқ душ қабул қилдим. Нонушта мунча мазали бўлмаса!
Ишга ҳаммадан эрта борибман. Иш столимни ҳам тартибга келтирдим, ортиқча қоғоз уюмларидан воз кечдим. Компьютер хотирасидаги кераксиз файлларни тозалаш кўп вақтни олади, буни кейинга қолдирдим.
Ўша куни ишимда ҳам барака бўлди. Йиғилиб қолган ишларимнинг ҳаммасини бирёқли қилиб улгурдим.
Кейинги пайтда иш вақти билан бирга менинг ҳам энергиям тугаб бўлар, уйга бошимда оғриқ билан зўрға етиб олар эдим. Ўша куни бундай бўлмади.
Бир ҳафта ўзимга талабчанликни сусайтирмадим. Бадантарбия ва чекишни камайтирганим ўз таъсирини кўрсатди: иккинчи ҳафтада сумкамни елкамга осганча кўз остимга олиб қўйганим – тренажер залига кириб бордим.
Ишхонада ҳам ўзим тушунган, ўзимга маъқул ишларни қиладиган бўлдим. Асабларимни қақшатадиган, мажбурият юзасидангина қилинадиган ишлардан воз кечиб қўя қоламан.
Дангасалик деган кучли рақибимни енга бошладим. Лекин у осонликча таслим бўлишни истамас, айрим пайтларда ғолиб чиқар эди. Лекин мен ҳар сафар ўжарлик билан унинг оёғини осмондан қилиб ташлар эдим. Шу тариқа ҳафталар, ойлар ўтди. Мен ўзгардим. Хўш, бу нимада кўринди?
Ишда
Суткада 24 соат ишлаб ҳам тайинли натижага эришолмаган кунларим ортда қолди. Иш кунларим илгаригидай кучимни сўриб олмас, ишхонага яхши кайфиятда бориб, тетик ҳолда қайтар эдим. Атрофдагиларнинг ҳам муносабатида яхши томонга ўзгаришларни кўриб-билиб тураман.
Иш столимга танда қўйиб олиш энди йўқ. Энди ҳар замонда эмас, кўнглим тусаган пайтда тоза ҳавога чиқиб тураман. Чекиш учунгина эмас, шунчаки, мусаффо ҳаводан баҳраманд бўлиш учун. Менимча, ҳеч қандай ишхонада тоза ҳавога чиқиш ҳуқуқи чекланмаган.
Оилада
Энди оиламга кўпроқ вақт ажрата оламан. Оила аъзоларимга муносабатим ўзгарди. Улар билан машғулотлар ўташга ҳам вақт ва ҳафсалам етади. Улар билан сайрга чиқишга аввалгидай эринчоқлик қилмайман. Ўзимнинг ҳам, уларнинг ҳам кундалик рационига эътибор қаратаман. Фарзандларимнинг мактабдаги ўзлаштириши, спортдаги ютуқлари яхшиланиб бораяпти.
Нима десам экан, оила аъзоларим мени аввалгидан ҳам кўпроқ яхши кўраётгандай, назаримда.
Овқатланиш
Овқатдан парҳез табиатимга бегона. Фақат меъёрни биламан, нима тановвул қилаётганимни назорат қилишга қурбим етади.
Чекиш
Чекишдан бутунлай воз кечмаган бўлсам ҳам, олдинги давримга таққослаганда катта фарқ бор. Бир қути сигарет уч-тўрт донага тушди. Иш столимда чекишни бутунлай тўхтатдим. Чекмасам ишлай олмайман, деганлар ўзларини алдайдилар.
Мен буларни фақатгина семизлик ва беўхшов қоматга эмас, ҳаммамизнинг душманимиз – дангасаликка қарши кураш деган бўлардим.
Ялқовликни енгиш аслида қийин эмас экан.
P.S: Буларни ёзишдан бошқа бир нарсани ҳам кўзлаганман: мабодо, яна дангаса, тушкун бир кимсага айлансам, бу тавсияларим ўзимга ҳам асқотиб қолиши мумкин.