Озиқ-овқат маҳсулотлари нафақат организмимизни оқсиллар, ёғлар ва углеводлар билан тўйдиради, балки кайфиятимизга ҳам таъсир кўрсатади.
Шифокорлар айтишича, овқат ҳазм қилиш — психофизиологик жараёндир. Бунда ошқозон ва ингичка ичак деворларининг шиллиқ пардаси гастрин, секретин, холетсистокин гормонларини ишлаб чиқаради. Гормонлар ошқозон-ичак йўлининг қон тизимига ажралиб чиқади, овқатни ҳазм қилдирадиган шира ишлаб чиқарилишига, овқат силжиши ва парчаланишига имкон яратади. Вегетатив асаб тизими овқат ўзлаштирилиши жараёнини бошқаради.
Демак, биз учун овқат — ҳузур, таомнинг таъми, ҳиди ва кўринишидан завқ олиш демакдир. Бироқ кайфият учун ошқозон эмас, мия жавобгар. Фойдали, лекин хунук ҳолатда тортилган таом кўпчиликда ижобий ҳис-туйғуларни уйғотмаслиги мумкин, бироқ худди шу таом чиройли қилиб безатилиб, ёрқин рангдаги мева ва сабзавотлар билан дастурхонга қўйилса, тетиклик ва хушкайфият ҳадя этади.
Бизнинг эмотсионал ҳолатимиз учун қўзғатувчи (масалан, эпинефрин) ва тинчлантирувчи (серотонинга ўхшаш) компонентлар масъулдир. Улар иккаласи уйғунликда бўлса, кайфиятимиз яхши бўлиши таъминланади, бироқ ушбу мувозанат бузилса, кайфият тушиб кетади.
Қўзғатувчи ва тинчлантирувчилар организм томонидан мустақил равишда ажратилади, аммо баъзи маҳсулот турлари “хурсандчилик гормони”ни ишлаб чиқаришда фаол қатнашувчи аминокислоталар — триптофанга бой озиқ-овқатлар бу жараённи тузатиши мумкин. Уларни бир суткада 500 дан 2000 миллиграммгача истеъмол қилиш мумкин.
Хўш, кўп миқдорда триптофан сақловчи маҳсулотлар қайсилар? Булар:
- Банан
- Исмалоқ
- Денгиз маҳсулотлари
- Ёнғоқ ва донлар
- Ёғсиз гўшт
- Помидор
- Хурмо, анжир, олхўри
- Қора шоколад
- Ёрқин рангли мевалар (апелсин, олма)
Кайфиятни кўтарувчи маҳсулотлар билан бирга, ёмон кайфият бағишловчилари ҳам бор. Булар нон ва қандолатчилик маҳсулотлари: оқ нон, ширин кулчалар, бўғирсоқ, торт ва бошқалардир. Ширинлик истеъмол қилиш кайфиятни кўтаришнинг энг кенг тарқалган ва оддий усули бўлса-да, мутахассислар бунда нафсга берилишдан тийилишга чақирмоқда.