Сочга эрта оқ тушса


Соч оқариши эртами-кечми, ҳар кимни ўйга толдириши аниқ. Ёш ўтган сайин бошимиздаги оқ сочлар кўпайиши табиий ҳол. Лекин бугун айрим 20-25 ёшдаги қизлар сочига тушган оқ толадан кўп шикоят қилишади. Сочга эрта оқ тушмасин десангиз қуйидаги маслаҳатларга қулоқ тутинг.

Таомномага эътибор беринг! Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш соч оқаришининг олдини олишнинг яна бир олтин қоидаси. Агар сочларингиз катта тезлик билан оқараётган бўлса, унда таомномангизга жиддий эътибор қаратиб, кўп тановвул қиладиган егуликлардан вақтинча воз кечинг. Шунда соч оқаришининг сабабини аниқлаш осон кечади. Мутахассислар кундалик таомномасида ловия, исмалоқ ва шолғомдан кўп фойдаланадиган кишининг сочи тез оқармайди дейди. Буни ўзингиз синаб кўринг. Шунингдек, таркибида йод кўп учрайдиган маҳсулотлар ҳам сочнинг оқаришига қарши энг яхши восита ҳисобланади.

Сарёғдан ёрдам. Оддий сарёғ таркибидаги минераллар ҳам соч оқаришинг жараёнини секинлаштириб, ҳаттоки ранг беришга ёрдамлашар экан. Сарёғни эритиб, соч илдизига уқаловчи ҳаракатлар билан суртиб чиқинг. Муолажани ҳафтада икки марта такрорлаш тавсия этилади.

Стрессдан қутулинг! Муддатидан олдин соч оқаришининг асосий сабабларидан бири, бу – қаттиқ тушкунликка тушиш. Доим бир нарсани ўйлаш, ўзини нотинч ҳис қилиш ва нимадандир қўрқиб яшаш, охир-оқибат стрессга олиб келади. Натижада, нафақат сочлар, балки тана ҳам азият чекиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ўзингизни бўш тутиб, муаммоларингизни асабийлашиб эмас, балки тинч равишда ҳал қилишга ўрганинг. Доимий равишда жисмоний тарбия машқларини бажариб, танангизни чиниқтиринг.

Қора чой ранг беради! Қора чой соч оқаришини тўхтатиш учун қўлланиладиган энг самарали воситалардан бири. Қора чойнинг фойдали хусусияти шундаки, у соч оқариш жараёнини тўхтатиш билан бирга, оқарган сочларга қайтадан ранг бериб, аввалги ҳолатига қайтаришга ёрдам беради. Бир стакан аччиқ қилиб дамланган қора чойни бир ош қошиқ ўсимлик ёғи билан яхшилаб аралаштириб, соч илдизидан бошлаб то учигача суртиб чиқинг. Яхши натижага эришиш мақсадида ниқобни кунига икки маҳал қўллаш тавсия этилади.

Яна бир усул! Аччиқ қилиб дамланган бир стакан қора чойни 1 ош қошиқ ош тузи билан аралаштиринг. Сўнг ана шу аралашмани уқаловчи ҳаракатлар ёрдамида бошга суртиб, бир соат кутинг. Белгиланган вақт ниҳоясига етганидан кейин илиқ сув ёрдамида ювиб ташланг. Муолажа бир маҳал қўлланилади.