Чиройли кўринишнинг 5 шарти


Кечагина урфга киргани учун харид қилган кўйлагимизнинг оҳори тўкилмасдан туриб, бугун ундан-да янги бичимдаги либос подиумларда намойиш қилина бошлайди. Шу сабабли аёлларда кийиниш борасида кўпгина саволлар туғилади. Улардан айримларига дизайнер Райҳона МУҲСИНОВА жавоб беради.

Аксессуардан фойдаланиш маҳорат талаб этади

Айни кунларда аксессуарларга бўлган эътибор анчайин ортган. Шу боис оёқ кийим, камар, сумка, шарф ва тақинчоқ кабиларга қўрқмай пул сарфлашингиз мумкин. Эксклюзив либослар қиммат, шунинг учун айнан аксессуарлар жонингизга оро кириши тайин. Негаки улар ёрдамида турли образлар яратиш мумкин. Аксессуар сотиб олишда шкафингиздаги либосларнинг рангини ҳамда уларга услубан мутаносиб келадиганларини танланг. Іозир кулранг либос билан қора ёки жигарранг аксессуарлардан фойдаланиш актуал ҳисобланали.

Пиджак ҳаммада бўлиши шарт!

Пиджакнинг қулайлиги шундаки, уни офис, тунги базм, сайр ва оилавий кечаларга кўйлак устидан кийиш мумкин. Яъни бир дона пиджакдан турли хил образлар яратиш имкони бор. Гулли матодан тикилган пиджак остидан фақат сидирға матоли либослар кийилиши лозим. График суратлар туширилган пиджак билан йўл-йўл ёки сидирға юбка-кўйлаклар кийилади. Сидирға матоли пиджаклар универсал бўлиб, улар билан, ҳатто, базм кўйлакларини ҳам мослаштириш мумкин.

Кечқурун оқ туфли кия кўрманг!

Оёқ кийим қаддимизни тик тутишга ёрдам бериш билан бирга қадам босишимизга таъсир кўрсатади. Іозир дўконлардан эрталабдан кечгача кийиш мумкин бўлган туфлиларни топиш мушкул эмас. Куз мавсумининг энг оммабоп пойабзали ботильонлардир. Айниқса, замш теридан тикилганлари. Шим ёки колготка рангидаги пойафзал қоматни визуал узунлаштириб кўрсатади. Оқ рангдаги туфлини эса узоғи билан соат 17-00га қадар кийиш мумкин, мода қоидаларига кўра уни кечки пайт кийиш тавсия этилмайди.

Жинси ҳаммабоп кийим

Замонавий услубни жинси юбка ва шимсиз тасаввур қилиш қийин. Энг яхши жинси шим – қоматга мос тушган бичимлисидир. Футболка ёки туника билан жинси кундалик образ, оқ блузка, жакет ва қайиқча шаклидаги туфли билан кийилгани эса ишбилармон образни яратишда қўл келади. Тор жинси шим танлаш худди танани пластик операция қилишга ўхшайди. Улар қоматни жудаям сарвқомат қилиб кўрсатиши ёки бутунлай бузиб қўйиши мумкин... Бу мавсумда жинси шимлардан ташқари, ушбу матодан тикилган ёқали кўйлак ҳамда сарафанлар ҳам урфда.

Мода ёш танлайди!?

Классик услубдаги либосларни кийиш учун ёш борасида чекловлар йўқ. Қаламча шаклидаги қора юбка, қора костюм, оқ кўйлак, қора шим, ёрқин рангли рўмолча, баланд пошна туфли ҳамда кичик сумка-клатч — классик услуб асосини ташкил этади. Бундай кийимлар аёлни жозибали ва башанг кўрсатиши аниқ. Кийимлар мутаносиблиги ва эгнингизда қандай туришига эътиборли бўлинг. Мумтоз услубда юбка ёки кўйлак танангизга ёпишиб туриши туриши шарт эмас. Агар ҳаракатланганингизда уларнинг этаги тепага кўтарилиб кетаётган бўлса, демак, сизга битта катта ўлчамдаги либос ёки умуман бошқа бичимдагиси керак.


Теглар: кийим