Камчиликлардан ҳалос бўлинг
- Муаллиф: Мирзахаджаева Севара Адилхаджаевна
- Тоифа: Гўзаллик ва саломатлик
- 2015-09-30 14:11:33
- 0
- 0
- 20304
Аёл киши қанчалик гўзал бўлмасин, доим ўзидаги камчиликларни билиб яшайди ва улардан ҳалос бўлишга интилади. Ахир, аёл ташқи кўриниши ҳақида қайғуриб, парваришлаши билан аёлда! Ҳақиқий аёл хулқ-атвори, ташқи кўринишидаги камчиликлардан халос бўлиш ҳаракатида юради, бунинг хайратланарли ери йўқ. Ахир, бу уларга табиатан инъом этилган сифатдир. Шундай сифатларга эга Аёллар учун икки оғиз маслаҳатлар қуйида келтирилган.
Сўгаллар
Сўгаллар вируслар оқибатида келиб чиқиб, одатда, улар юз ва кўлларда пайдо бўлади. Сўгаллар турли хил кўринишда бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам сўгалларни сиқиб ташлаш ёки хонаки даволаш усуллари орқали ҳалос бўлиш тавсия қилинмайди. Шунчаки, кейинги маслаҳатларга қулоқ тутинг...
Организмни чиниқтирсангиз ёки қуватловчи витаминлар қабул қилсангиз, улар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши ёки аксинча, бир жойнинг ўзида ўнтагача кўпайиб кетиши ҳам мумкин. Шу сабабли сўгаллар пайдо бўлганда шифокор ҳузурига бориш тавсия қилинади.
Янги пайдо бўлган сўгалларни табиий воситалар билан йўқотишга ҳаракат қилиш мумкин. Бунинг учун кунига 2-3 марта сўгални саримсоқпиёз сувига артинг. Арчилган картошка бўлагини ҳам сўгалнинг устига ўраб қўйишингиз мумкин. Бу каби муолажаларни 10 кун давомида қилиш мумкин.
Шуни унутмангки, сўгаллар юқумли инфекциялар бўлиб, кўпинча қизлар дугоналари билан кийим алишганларида, тақинчоқларини таққанлари оқибатида юзага келади. Шундай экан, ҳатто энг яқин дугонангиз, синглингиз ёки опангиз буюмларидан фойдаланманг, шахсий гигиена воситалари: сочиқ, тароқ, маникюр воситалари ва совун каби буюмларингизга эга бўлинг
Қазғоқ
Боши замбуруғи — қазғоқлар ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак... Қазғоқлардан халос бўлиш учун турли хил усуллардан фойдаланиб, ҳеч қандай натижага эришолмаган бўлсангиз, табиий халқона усуллардан фойдаланинг. Бунинг учун бошингизга қатиқ ва хна аралашмасини суртиб, 30 дақиқадан сўнг ювиб ташлашингиз мумкин.
Яна бир маслаҳат, сочларингизни ювиб бўлгач, сочиқ билан қуритинг, узоқ муддат сочиқ ўраб юриш ҳам ярамайди. Зеро, сочларингизга ҳаво керак, шунингдек хўл сочларни фен билан қуритмаганингиз маъқул. Сабаби фен соч илдизини қуритиб ташлайди, қуруқ сочларда эса қазғоқ кўпроқ учрайди.
Қазғокдан буткул холос бўлиш осон эмас, бунинг учун узоқ вақт талаб қилинади, лекин биз аёллар табиатан ҳамиша чиройли ва жозибали кўринишни истаймиз. Қазғоқлар билинмаслиги учун ҳозирча тўқрангдаги, яъни қора кофта, свитерлар кийманг. Иложи борича, оч рангдаги кийимларни кийганингиз маъқул.
Ҳуснбузарлар
Ҳуснбузарлардан, деярли бутундунё бўйлаб турли миллат ва турли ёшдаги одамлар азият чекади. Лекин ҳуснбузарларнинг тошиши балоғат ёшидаги қизларда бўлиши табиий ҳол. Ҳуснбузарлар тозаликка риоя қилмаганликдан пайдо бўлмайди. Улар терининг чуқур қатламларидаги ёғ безларини шикастловчи касаллик ҳисобланади. Шунинг учун улардан холос бўлиш жуда қийин. Бу ёшда эса тери жуда кўп ёғ қатламларини ажратиб чиқаради.
Олимларнинг текширув натижаларига кўра, хуснбузарлар офтобда кўп юришдан, гормонал дорилардан, юз терисини ифлос қўл билан тегаверишдан ва уларни сиқишдан кўпаяр экан. Афсуски, ҳуснбузарлардан батамом холос бўлишнинг чоралари ҳали ўйлаб топилмаган, лекин касалликни озми-кўпми даволаш мумкин. Бунинг учун вақти-вақти билан юзингизга кўк чой дамламаси билан артиш тавсия қилинади. Салицил кислотаси, ультрабинафша нурлари, қуёш ёки кварц лампалари ҳам бу яллиғланишни даволашда яхши натижа бериши мумкин.
Бундан ташқари, С витаминига бой бўлган наъматак дамламасини ҳам ҳуснбузарга қарши ичимлик сифатида ичишингиз мумкин. Бунинг учун 3 чой қошиқ майдаланган наъматак устига 2 стакан сув қуйиб, 10 дақиқа давомида қайнатинг. Сўнг эрталабгача термосда сақланг. Эрталаб икки-уч қават докадан ўтказиб, ярим стакандан кунига 3-4 маҳал ичинг.
Сепкиллар
Сепкиллардан батамом қутилиш ҳаракатлари, деярди бефойда. Сабаби, сепкиллар бирор касаллик аломати ёки юздаги нуқсон эмас. Аксинча кўпчилик қизларга сепкил жуда ярашиб туради. Агар сепкилларсиз янада жозибали кўринаман, деб ўйласангиз, унда қуйидаги тавсияларни кўриб чиқинг.
Аввало, сепкилларингизни қатиқ, кефир билан оқартириб туринг. Бунинг учун тоза докани қатиқ ёки кефирда хўллаб, сепкил кўп жойга қўйинг. 10-15 дақиқадан сўнг сув билан ювмасдан сочиқ билан артинг. Бу муолажани ҳар куни эрталаб ва кечкурун бир ҳафта давомида бажаринг. Агар бир ҳафтадан кейин ҳам сепкилларингиз оқармаса, демак бу муолажа сизга ёрдам бермайди. Бошқа муолажани килиб кўринг. Тоза юзингизни 3 фоизли водород пероксид эритмаси ёки лимон шарбатига ботирилган пахта билан артинг. Бу муолажани кўзингизга сачратмасдан, эҳтиёткорлик билан бажаринг. Охирида терингизга сметана ёки крем суртинг.
Бундан ташқари, янги бодринг, нордон карамдан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Бунинг учун бу икки сабзавотни қирғичдан ўтказинг ва 25-30 дақиқага юпқа қатлам қилиб юзингизга кўйинг.
Шуни ёдингизда тутингки, сепкилларни фақатгина оқартиришингизгина мумкин. Улардан батамом халос бўлишнинг имкони йўқ. Агар бу ишга қатъий киришган бўлсангиз, у ҳолда замонавий усуллардан фойдаланинг. Масалан, ҳозирги кунда лазер нурлари ёрдамида сепкиллардан халос бўлиш мумкин, лекин бу усул хатарли. Зеро терингиз ультрабинафша нурлари таъсирига учрайди ва вақти келиб, салбий оқибатлар ҳам кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Нима бўлганда ҳам ўзингизга ишонинг! Гавдангизни тик тутган ҳолда жилмайинг. Бинобарин, табиий гўзалликка ҳеч нарса тенг эмас!
Сепкилларга қарши курашишни яхшиси баҳорда, улар кўпаяётган пайтда бошлаш керак. Юқоридаги муолажалар ёрдам бермаса, шифокорга мурожаат қилишингизни маслаҳат берамиз. Лекин врач ҳам сизнинг сепкиллардан ҳоли бўлишингизни истармикин? Чунки сепкиллар қизларни сирлироқ, қолган қизлардан кўра жозибалироқ кўрсатади-да.