Заргарлик буюмларини асраш
Дунёда аёллар борки, улар, албатта, заргарлик буюмлари, яъни турли тақинчоқлар тақиб юришни ёқтирадилар. Заргарлик буюмларига қизиқиш даражасидан қатъий назар, бу каби буюмлар ҳар бир аёлда сўзсиз мавжуд, шундай эмасми?!
Постимизнинг мақсади – чиройингизга чирой қўшиб турган заргарлик буюмларингизни асраш борасидаги сиз билмаган жиҳатларни айтиб ўтиш, билганларингизни эса яна бир бор ёдга солиш. Зеро, қимматбаҳо металлардан ишланган буюмлар яхши асралса, кўп йилларга хизмат қилиши шубҳасиз.
Заргарлик буюмларим кўп йиллар хизмат қилсин, десангиз:
1 Турли хўжалик ва рўзғор ишлари билан шуғулланаётганда, безак буюмлари шикастланмаслиги учун уларни ечиб қўйинг;
2 Безак буюмларини ечганда уларни юмшоқ мато – қуруқ фланел билан яхшилаб артинг. Шунда нам тегиб, доғланиб қолмайди;
3 Ёд олтинда доғ ҳосил қилади, шу сабабли ҳам иккисини “учраштирмаган” маъқул. Доғини кетказиш учун эса буюмни 15-20 дақиқа гипосулъфитли (1 стакан сувга 1 чойқошиқ гипосулъфит) эритмага солиб қўйиш лозим;
4 Агар тилла буюмлар хиралашса (ярқирамай қолса), бир стакан совунли сувга солинган 0,5 чой қошиқ новшадил спирти аралашмасида ювилади. Сўнг тоза илиқ сувга чайилади ва фланел билан яхшилаб артилади;
5 Тозаламоқчи бўлган тилла тақинчоғингизда табиий тошлар бўлса, новшадил спирти камроқ (2-3 томчи) томизилади;
6 Тилла ёки зарҳал суви югуртирилган тақинчоқларни тиш пастаси билан ёки пиво ва тухум оқининг тенг миқдордаги аралашмаси билан ҳам тозалаш мумкин;
7 Ўорайиб қолган тилла буюмларни 25% ли амияк ёки новшадил спиртининг сув билан аралашмасига 20 дақиқа солиб қўйинг. Аммо бу усулни марварид ва қаҳрабо (янтар) кўзли буюмларга қўллаб бўлмайди;
8 Кумуш буюмларни картон қутиларда, қоғозга ўраб ёки шойи матоларда сақламаслик керак. Чунки улар таркибида сулфит кислотаси мавжуд. Паргамент қоғозда сақланг;
9 Кумуш буюм ва тақинчоқлар новшадил спиртининг оқ бўр билан аралашмасида яхши тозаланади;
10 Кумуш буюмлар ҳаво таъсирида хиралашади, қорайиб қолиши мумкин. Бунда коллодиумнинг суюқ эритмасини юпқа қилиб суртиш керак. Коллодиумни иссиқ сув ёки новшадил спирти билан артиб ташлаш мумкин;
11 Феруза, марвариддан ишланган буюмларни жуда эҳтиёт қилиш керак. Чунки бу тошларнинг, айниқса, феруза тошининг ранги совун кўпиги, косметика воситалари, атир, сув, ацетон, кислоталар, қуюш нури таъсирида ўзгаради;
12 Қаттиқ кирланган заргарлик буюмларини заргарлик устахонасига бериб тозалаттирган маъқул.