Учрашувларда ўзини аҳмоқона ҳис этмаслик учун қўлланма


Кўп ҳолларда инсонлар аҳмоқона вазиятга тушиб қоладилар, чунки яна қайтариб ўтамиз бизнес-этикет қоидалари бошқа вазиятлардаги аҳлоқ қоидаларидан тубдан фарқ қилишини билмайдилар. Барбара Пачтернинг “Ишга оид одоб асослари” (The Essentials of Business Etiquette) китобида ишбилармон доира вакилларининг учрашувларда яхши таассурот қолдириш учун нимани амалга ошириш керак ва ўзини қандай тутмаслик ҳақида батафсил маълумот берилган. Мазкур китобдаги энг муҳим тавсияларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. 1. Сизни таништиришганда ўрнингиздан туринг Агар шундай қилсангиз, сизга эътибор қаратадилар, ўтирган инсонни эса сезиш мушкул. Агар кутилмаганда сизни таништиришни бошлашса ва сиз туришга улгурмасангиз, у ҳолда олдинга озгина эгилиб қўйинг. 2. Ўзингизни исмингизни тўлиқ айтган ҳолда таништиринг Ишга оид муҳитда тўлиқ исмдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, бироқ ўзгалар қандай ўзини таништираётганини ҳам эътиборга олиш даркор. Агар исмингиз жуда узун ва мураккаб бўлса, уни қандай қилиб қисқартириш ва соддалаштириш йўлини ўйлаб топинг. Уни ташриф қоғозингизга ёзиб, иштирокчиларга тарқатинг. 3. Агар мавқеингиз юқорироқ бўлса ёки қабул қилувчи томон сифатида иштирок этаётган бўлсангиз, биринчи бўлиб, сиз қўл бериб кўришинг. Патчер замонавий ишбилармонлик муҳитида мезбон томон ёки юқори мавқега эга бўлган инсон саломлашишда биринчи бўлиб қўл узатиши кераклигини эслатиб ўтган. Агар юқори мавқега эга бўлган инсон буни дарҳол амалга оширмаса – бу баъзи ҳолларда гендерга оид тушунмовчилик туфайли содир бўлади, қуйироқ мавқега эга бўлган инсон бир сониядан кечикмаган ҳолда қўл узатиши лозим. Ҳар нима бўлганда ҳам, қўл бериб кўришиш содир бўлиши керак. Агар сизни жиддий инсон сифатида қабул қилишларини истасангиз, қўлни сиқиб кўришиш лозим ва буни тўғри амалга ошириш жуда муҳим саналади. 4. Тўғри кийининг Кийим-кечак новербал (имо-ишоралар билан амалга оширилган) алоқанинг муҳим шакли бўлиб, у инсоннинг иш билан боғлиқ обрўсига таъсир қилиши мумкин. Кийимни танлаш орқали сиз профессионаллик мавқеингиз тўғрисида иккинчи томонга сигнал юборасиз. Ҳар доим тўғри кийиниш қоидаларига амал қилиш учун боришни истаётган тадбир: учрашув ёки ресторандаги тушликнинг дресс-код (кийиниш қоидалари)ни суриштириб олинг 5. Учрашув давомида “раҳмат” сўзидан икки маротабадан ортиқ фойдаланманг Патчернинг фикрига кўра, умумий суҳбат давомида бир ёки икки маротаба “раҳмат” сўзини ишлатиш лозим, акс ҳолда бу сўз миннатадорчилик ўрнига сизни ёрдамга муҳтож, ўзига ишонмайдиган инсон сифатида намойиш этиши мумкин. 6. Учрашув иштирокчиларига алоҳида миннатдорчилик хатини юборинг Патчер учрашув якунлангач, унинг барча иштирокчиларига 24 соат ичида алоҳида миннатдорчилик хатини юбориш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган. Қўлда битилган мактуб ёки электрон почта орқали юборилган хатни танлашдан олдин қоғозда битилган нома етиб бориши учун бир неча кун кераклигини ҳисобга олинг. Электрон мактуб эса дарҳол етиб бориши билан бу вазиятдаги тўғри танловдир. Баъзи ҳолларда вақт масаласи муҳим саналади, масалан, ишга қабул қилиш бўйича учрашувдан кейин тезлик билан қарор қабул қилинади. 7. Телефонингизни чўнтагингизга солиб қўйинг Патчер учрашувлар чоғида телефонни чўнтакдан олмасликни тайинлайди. Мактуб ёзиш истаги туғилиб қолиши мумкин, бироқ бу ўта қўпол кўринади. Бундан ташқари учрашувлар давомида телефонни стол устига қўйиш ҳам нотўғри. Бундай қилсангиз, учрашувни тезроқ тугатиб, бошқа иш билан машғул бўлгингиз келаётганини намойиш этасиз. 8. Ҳеч қачон ҳеч ким учун стулни суриб қўйманг Меҳмон учун эшикни очиш ёки ушлаб туриш мумкин, бироқ бошқа инсонга жинсидан қатъий назар стул суриб берилмайди. Ишга оид муҳитда бу ўринли эмас. Патчер фикрига кўра, аёллар ҳам, эркаклар ҳам ўзларига стулни тўғрилаб олиш имконига эгалар. 9. Оёғингизни чалиштирманг Бу аёллар ва эркакларга бирдек тегишли бўлган қоида. Бу тана ҳолати инсонни чалғитиши мумкин ва ишга оид муҳитга тўғри келмайди. 10. Бармоғингиз билан кўрсатманг Агар ниманидир кўрсатиш керак бўлса, буни очиқ кафт ёрдамида амалга оширинг. Кўрсаткич бармоқдан фойдаланманг, бу имо-ишора жуда агрессив кўринади. Бундай одат эркакларда ҳам, аёлларда ҳам бор, бироқ аёллар ундан кўпроқ фойдаланишади. 11. Қабул қилиб олувчини тўғри ёзганингизга ишончингиз комил бўлсин Электрон хатларнинг “Кимга” деган қаторини тўлдираётганда эътиборли бўлинг. Нотўғри исмни танлаб ноқулай вазиятга тушиб қолишингиз мумкин. 12. Нонни қўл билан ушатинг Ишга оид учрашувларда булочкаларни пичоқ билан кесиш мақсадга мувофиқ эмас. Патчер булочкаларни аввал иккига бўлиб, кейин сариёғ суришдан аввал бирма-бир майдалаб, шу ҳолда истемол этишни маслаҳат беради. 13. Ўта қиммат таомларга буюртма берманг Қимматбаҳо стейк ёки омарга буюртма берсангиз, бошқа инсон ҳисобига тушлик қилиб олмоқчи бўлгандек таассурот уйғотишингиз мумкин. Бироқ таклиф қилган инсон тавсия этган таомлардан бирини танлашингиз мумкин, аммо бу ҳолда ҳам рўйхатдаги қиммат бўлмаганига буюртма бериш тўғри бўлади. Бу виноларга ҳам тегишли. Бундан ташқари, “махсус таомлар”га эҳтиёт бўлинг. Баъзида официантлар махсус таом ёки кун таомининг нархини айтишмайди. Бироқ айнан шундай таомлар одатий таомларга қараганда 10-40 фоизгача қимматроқ бўлиши мумкин, нархни сўраш эса сизга ноқулайлик туғдиради. Шунинг учун улардан узоқроқ юринг. 14. Ликопчаларни суриб қўйманг ва қават-қават қилиб тахламанг Официантларга ўз ишларини ўзлари бажаришларига қўйиб беринг. Бундан ташқари, агар суҳбатдошларингиз ҳали таом истеъмол қилишда давом этаётган бўлсалар, уларни қўпол ҳолатда шошираётгандек бўласиз. 15. Меҳмоннинг танловини ҳисобга олинг Агар меҳмон ичимлик ёки десертга буюртма бераётган бўлса, сиз ҳам шундай қилишингиз лозим. Патчер меҳмонни ноқулай аҳволга солмаслик ва уни бир ўзи истемол қилишига йўл қўймасликни маслаҳат беради. 16. Олиб кетиш учун “ўраб бериш”ларини сўраманг Бу борада Патчер жуда жиддий муносабат билдириб ўтган: бу ерга келишдан мақсад қолган-қутганларни йиғиб кетиш эмас, бизнес билан шуғулланишдир. Қолдиқларни олиб кетиш учун ўраб беришларини сўраш оилавий тушликларда мумкин, бироқ ишга оид учрашувларда қатъиян ман этилади. 17. Столдаги анжомлардан тўғри фойдаланишни билинг Патчер бу ҳақида шундай ёзади: “Егулик тушлик солинадиган ликопчадан чап тарафда жойлашади. Агар стол тўғри тузатилган бўлса, нон, салат ёки ҳар қандай таом сизнинг тушлик солинадиган ликопчангиздан чап тарафда жойлашган бўлади. Барча ичимликлар эса ўнг тарафдан ўрин эгаллайди. Ҳар қандай стакан ёки финжон ўнг тарафда туради”. Бундан ташқари санчқи чап тарафда, пичоқ ва қошиқлар эса ўнг тарафда туришини эслаб қолиш керак. 18. Таклиф қилган инсон тўлайди Агар сиз таклиф қилган бўлсангиз, сиз мезбонсиз шунинг учун жинсдан қатъий назар сиз тўлашингиз керак. Агар эркак меҳмон тўлашни истасачи? Патчер фикрига кўра, бу ерда бир неча вариантлар бор. Ҳаражатларни компания тўлайди, деб айтиш мумкин. Ёки меҳмонлар эътиборини жалб этмаган ҳолда, секингина туриб ҳисобни тўлаб келиш керак бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ноқулайликнинг олдини олиш лозим. Агар эркак меҳмон сизнинг инкор этишингизга қарамай ҳисобни тўламоқчи бўлса, бунга рози бўлинг. 19. Хайрлашиш усулини олдиндан ўйланг Пачтер столдан тўғри туришни билиш ва бу вазиятда ҳам сўзлашишда давом этиш кераклигини таъкидлайди. Бу ҳолатда сиз вазиятни қўлга олганингизни намойиш этасиз. Суҳбатни сиз якунлашингиз кераклигини ҳисобга олиб, бир неча ибораларни ҳам олдиндан тайёрлаб қўйиш керак. “Танишганимдан хурсандман”, “Сиз билан суҳбат жуда ёқимли бўлди” ёки “Келаси ҳафта кўришамиз”, деб айтишингиз мумкин. Шунингдек, узр сўраган ҳолда туриш учун рухсат сўрасангиз ҳам бўлади. Демак, бизнес учрашувлардаги аҳлоқ қоидалари билан танишиб чиқдик. Менимча, улар у қадар мураккаб эмас. Муҳими эътиборлироқ бўлиб, ўзимизни тўғри тутишимиздадир. Бу эса натижада учрашувдаги суҳбатдошларда биз ҳақимизда ижобий фикрлар уйғонишига сабаб бўлади ҳамда ҳамкорларимиз билан ишбилармонлик алоқаларини олиб бориш учун мустаҳкам замин яратади. http://xabardor.uz/uchrashuvlarda-ozini-ahmoqona-his-etmaslik-uchun-qollanma

Теглар: маслаҳат