Уйга тозалик бахш этамиз


Уйдаги чанг ва тартибсизликдан, шу билан бирга қишдан қолган ашқол-дашқоллардан халос бўлишда ишни нимадан бошлаган маъқул?


Чангларни тозаланг

00059538

Уй ҳавоси тоза ва соғлом бўлиши учун чангларни артиш зарур. Энг хилват бурчакларни ва плинтусларни ҳам кўздан қочирманг.


Идиш-товоқ, қутилар ва кам фойдаланиладиган буюмларнинг барчасини шкафлардан чиқариб, жавонларни нам латта билан артиб чиқинг. Уларни қайта жойлаштираётганингизда бурчакларга ифорли ёғларга ботирилган пахта бўлакларини қўйиб чиқинг, улар буюмларга майин ва хушбўй ҳид беради.


Охирида полларни артиб, хоналарни яхшилаб шамоллатинг.


Агар уйда хона ўсимликлари бўлса, уларга ҳам алоҳида эътибор қаратишни унутманг. Баҳорда гулларнинг нимжон новдаларини кесиб ташлаб, сув қуйишни кўпайтириш керак. Бундан ташқари, гултувакларнинг тупроғини янгилаб, ўғит солиш зарур.


Деразаларни артинг


window1

Уйни чанглардан тозалагач, ойна ювишга киришишингиз мумкин. Ойналарни булутли ҳавода артган яхши, шунда қуёш нурлари сизга халал бермайди.


Деразаларни бир чой қошиғида нашатир спирти ёки махсус восита қўшилган илиқ сувда ювинг. Дастлаб ойнанинг ташқарисини, сўнг ромлар оралиғини, ва охирида ичкари томонни артинг.


Дераза токчалари ва ромларни ҳам яхшилаб тозалашни унутманг.


Пардаларни ювинг

467

Энди парда ювишга киришамиз. Уларни ювиш заруратдир, зеро улар уйдаги чанг йиғувчи асосий буюмдир.


Пардани кир ювиш кукуни солинган сувга бир-икки соатга ивитиб қўйишдан олдин, ташқарига қоқиб ташланг.


Кир ювиш машинасидан фойдалансангиз, мулойим тарзда ювиш (деликатная стирка) режимини белгиланг. Тўрпардани ҳам машинада ювиш мумкин, унинг йиртилиб кетиши олдини олиш учун уни махсус халтачага солган маъқул.


Ёзда қалин пардадан умуман воз кечиш ҳам мумкин, шаффоф тўрпарданинг ўзи енгиллик ва осойишталик шукуҳини беради.


Ўишки буюмларни олиб қўйинг


Жавонларни барча қишки буюмлардан тозалаймиз. Палто ва курткаларни кимёвий тозалашга беринг, сўнг уларни пластик ёки мато ғилофларга солиб шкафнинг тепа қисмларига жойлаштиринг.


Иссиқ кофта, свитер ва жун кийимларни ювиб, қуритинг ва олиб қўйинг.


Жавонларни қишки поябзаллардан тозалашни ҳам унутманг. Аввал уларни ювинг, қуритинг, тузатиш керак бўлса, этикдўзга беринг, сўнг қутиларга солиб, яна совуқ тушгунича олиб қўйинг.


Уй йиғиштириш кўп куч ва вақт талаб этмаслиги учун ишни кейинга қолдирманг — мунтазам равишда уй тозалаб туриш иш йиғилиб қолишининг олдини олади ҳамда уйни тоза ва тартибли сақлашга ёрдам беради.